Skip to main content
Yangiliklar

Баҳодир Жалолов: «Янги Ўзбекистонга олтин медаль тақдим қилиш учун боримни бераман»

By 04.08.2021August 5th, 2021No Comments

Маҳоратли боксчимиз Баҳодир Жалолов бугун ўз ғалабаси билан миллионлаб мухлисларимизга кўтаринки кайфият улашди. Шубҳасиз, Олимпия ўйинларида барчамиз ундан олтин медаль кутиб турибмиз. Буни боксчимизнинг ўзи ҳам ният қилиб турибди ва шу эзгу мақсади сари дадил қадам ташламоқда. Биз унинг ярим финал жангидан кейинги таассуротлари ва финал олдидан фикрлари билан қизиқдик. Баҳодир бунга қуйидагича жавоб берди:

“Бутун Ўзбекистон жангимга қараб турибди. Ҳаяжон ҳар қачонгидан кучли бўлди. Рақибим ҳам катта тажрибага эга боксчи эди. Рингда боримни бериб ҳаракат қилдим ва чемпионлик сари яна бир қадам ташладим. Бу Олимпиадага аввалдан олтин медаль оламан деб келганман. Худо хоҳласа, финалда ҳам яхши жанг қилиб, мамлакатимизга яна бир олтин медални тақдим қилишга ҳаракат қиламан. Финал жангида ҳам боримни бераман. Барчасини ринг ҳал қилади. Аввалдан ҳеч нарса дея олмаймиз. Мураббийларим билан бу рақибга ҳам тактик томондан тайёрланиб, рингга чиқаман. Бўлажак жангда ўз ишимни қила олсам, ғалаба қозонишимга ишонаман. Барчаси Аллоҳдан. Янги Ўзбекистонга олтин медаль тақдим қилиш учун боримни бераман”, – деди Баҳодир Жалолов.

Ўз навбатида, биз ҳам Жалоловнинг финал жангида унга фақат ва фақат омад тилаб қоламиз. Эслатиб ўтамиз, америкалик Ричард Торрес билан кечадиган баҳс 8 август куни Тошкент вақти билан соат 11:15 да бошланади.