Skip to main content
Yangiliklar

Ўзбекистон МОҚ мутасаддилари Токиода Олимпия ўйинларида бокс мусобақаларини ўтказишга масъул бўлган Моринари Ватанабэ билан учрашишди

By 29.07.2021No Comments

Токио-2020 Олимпия ўйинларининг бокс беллашувларида баъзи баҳслар юзасидан эълон қилинган қарорлар кенг омманинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Маълумки, ушбу Олимпия ўйинларида бокс баҳсларини ўтказиш Халқаро боксчилар ассоциациясига (АИБА) эмас, Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) томонидан тузилган махсус комиссияга топширилган. Унга эса Халқаро гимнастика федерацияси президенти, япониялик Моринари Ватанабэ раҳбарлик қилмоқда.

Мусобақа давомида айрим делегациялар бокс бўйича мусобақалардаги ҳакамлик юзасидан ўз норозиликларини маълум қилишди. Шу жумладан, Ўзбекистон МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов ҳам Моринари Ватанабэ билан учрашиб, вазиятга ойдинлик киритиб олишди.

Махсус комиссия учрашув давомида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси мутасаддиларини ўз фаолияти билан батафсил таништириб ўтди. Халқаро мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар бир беллашувда 5 нафар ҳакамдан ташқари алоҳида 2 махсус вакил орқали рефериларнинг қарори назорат қилиб борилади. Баҳс якунида эълон қилинган қарор қайта кўриб чиқилмайди.

Қўшимча қилинишича, жангларда шубҳали ҳолатлар алоҳида ўрганиб борилади ва ўз ишига нопрофессионал ёндашган ҳакамлар Олимпия ўйинларидан четлатилиш ва уйига жўнатиб юборилиши белгилаб қўйилган.