Skip to main content
Yangiliklar

Тошкентдаги мактабларга текбол инвентарлари етказилмоқда

By 05.07.2021July 6th, 2021No Comments

Бир неча ой муқаддам Халқаро текбол федерацияси (ХТФ) раҳбарияти юртимизга ташриф буюриб, ушбу ташриф доирасида мазкур спорт турини мамлакатимизда тарғиб қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, МОҚ ва ХТФ ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Ушбу ҳамкорлик битимининг амалий ишлари бошлаб юборилди.

Тадбир пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 38-мактабида бўлиб ўтди. Унда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, МОҚ Бош котиби, Ўзбекистон текбол федерацияси раиси Ойбек Касимов, шунингдек, Фарҳод Тожиев, Азиз Ибрагимов, Ислом Иномов, Шавкат Саломов, Камолиддин Мурзоев, Руслан Мезлитдинов, Суннатилла Мамадалиев каби яқин ўтмишимизнинг таниқли футболчилари, мактаб раҳбарияти ва ўқувчилари иштирок этишди.

ХТФ томонидан юртимизда ушбу спорт турини оммалаштириш учун 100 та стол ажратилди. Уларнинг дастлабкиси Учтепа туманидаги ушбу мактабга топширилди. Тадбир давомида ўқувчилар учун текбол спортининг қоидалари, ўзига хос хусусияти ва қулайликлари ҳақида маълумот берилди. Ҳақиқатда текбол спорти мактаб ўқувчилари учун жуда ҳам қулай бўлиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказишга катта туртки бўлади. Қолаверса, тадқимотда ушбу инвентарлар билан 5 та спорт турида беллашиш мумкинлиги алоҳида таъкидланди. Ўз навбатида МОҚ ва Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти мазкур спорт турини янада оммалаштириш бўйича бир қатор масалаларни муҳокама қилиб олишди.

Якунда ушбу мактаб ўқувчилари учун кўплаб текбол инвентарлари тортиқ этилди. Режага кўра, бундай столлар Республикамиз бўйлаб тарқатилади. Шунингдек, мактаб ўқувчиларига соғлом турмуш тарзи тарғиботи, Олимпизм ғояларини тарғиб қилувчи кўплаб китоблар совға қилинди.