Skip to main content
Yangiliklar

Токио-2020 Олимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегацияси Японияга йўл олди

By 20.07.2021July 21st, 2021No Comments

Бугун Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этадиган Ватанимиз делегацияси Японияга жўнаб кетди. Делегация Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кузатиб қўйилди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раҳбари Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири, делегация раҳбари Азиз Абдуҳакимов, Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти, спорт фахрийлари, федерация мутасаддилари, спортчиларимиз ва уларнинг яқинлари, ОАВ иштирок этишди.

 

Маросимда Танзила Нарбаева ҳамда Абдулла Арипов сўз олиб, атлетларимизга бўлажак Олимпия ўйинлари олдидан ўзларининг илиқ тилакларини билдириб ўтишди. Шунингдек, Президентимиз ва халқимиз улардан улкан ғалабалар кутишаётганини алоҳида таъкидлашди.

Жараённи Олимпия шаҳарчасидан Шерзод Ташматов бошчилигадаги МОҚ Тезкор штаби, Японияда бўлиб турган дзюдо, таэквондо ва бокс жамоаларимиз, Украинадаги оғир атлетикачиларимиз, Туркияда йиғин олиб бораётган енгил атлетикачиларимиз ҳам онлайн кузатиб боришди ва тадбир давомида улар билан боғланилди.

Шундан сўнг Танзила Нарбаева ҳамда Абдулла Арипов Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини Рустам Шоабдураҳмоновга топширишди. Спортчиларимиз номидан қиличбозликнинг сабля йўналишида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган вакилимиз, делегациямизнинг энг ёш атлети Зайнаб Дайибекова сўз олиб, Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан яратиб берилган шароитлар учун чиройли ғалабалар билан жавоб қайтаришга ваъда берди. Шунингдек, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, “Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси Рустам Калонов делегациямизга оқ фотиҳа бериб, кузатиб қўйишди.

Шу тариқа XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегацияси махсус ажратилган чартер рейс билан “Boeing 787 Dreamliner” ҳаво кемасида Токиога йўл олди.

Эслатиб ўтамиз, Токио-2020 Олимпия ўйинлари 23 июль – 8 август кунлари бўлиб ўтади. Унга делегациямиз 17 спорт турида 71 та лицензия қўлга киритган. Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими 23 июль куни Тошкент вақти билан соат 16:00 да Токиодаги “Олимпия” стадионида бошланади.