Skip to main content
Yangiliklar

Вазир ўринбосари иштирокида ўтган Фарғонадаги учрашувда қатор муаммоларга ижобий ечим топилди

By 17.06.2021No Comments

Фарғона шаҳридаги Ёшлар ишлари агентлиги биносида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов, вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари – вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Хуршидбек Аҳмедов ва спортнинг турли йўналишларида юқори натижаларни қўлга киритган йигит-қизлар ҳамда мураббийлар иштирокида “Вазир ўринбосари ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувни вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршидбек Аҳмедов очиб берди. Унда Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов бугунги кунда юртимизда ёшларга яратилаётган шароитлар, эришилаётган ютуқлар ва келажакда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида гапириб берди. Учрашувда сўз олган ёш чемпионлар эса ўзларини қийнаб келаётган муаммоларни айтиб, бир қатор масалалар бўйича таклифларини ўртага ташлашди.

Мурожаатлар эса жойида ҳал этилишига эришилгани таҳсинга лойиқ. Жумладан, учрашувда иш сўраб мурожаат қилган ёшлар, яъни Фарғона шаҳридан Зарина Ғофуржонова Олимпия захиралари спорт коллежига, Марғилон шаҳридан спортнинг пенчак-силат тури бўйича уч карра Ўзбекистон чемпиони Озода Мамасиддиқова 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабига, Тошлоқ туманидан Гулноза Солиева ҳамда Шуҳрат Ҳайдаровлар эса ўзлари яшаб турган ҳудуддаги БЎСМга ишга қабул қилинди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршидбек Аҳмедов ҳал этилиши керак бўлган мурожаатларни ўз назоратига олди. Айниқса, тадбирда вазир ўринбосари Авазжон Каримов ҳамда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршидбек Аҳмедовларнинг журналист ва блогерларга кўрсатган эътибори ҳам ОАВ ходимларига ўзгача кайфият улашди.

Сўнгги сўз ўрнида айтиш керак, учрашув самимий ва кўтаринки руҳда ўтди. Тадбир сўнгида ёшларга эсдалик совғалари топширилди.