Skip to main content
Yangiliklar

Улар Токиога боришади: Наманганлик полвонимиз Адҳамжон Эргашев

By 16.06.2021No Comments

“Улар Токиога боришади” лойиҳамизни давом эттирамиз. Бугун Сиз азиз мухлисларимизга оғир атлетика бўйича терма жамоамизнинг умидли вакилларидан бири Адҳамжон Эргашевнинг спортдаги ютуқлари ва фаолияти ҳақида ҳикоя қиламиз.

Адҳамжон Абдуллажон ўғли Эргашев 1999 йил 12 март куни Наманган вилоятида туғилган. 12 ёшидан оғир атлетика билан шуғулланишни бошлаган. Терма жамоага қабул қилингунча Мирзоҳид Турғунов қўл остида шуғулланган. Ҳозирда терма жамоамиз бош мураббийи Баҳром Мендибоев ва қозоғистонлик мутахассис Ержас Болтаев билан Токио-2020 Олимпиадасига тайёргарлик кўрмоқда.

Адҳамжон 15 ёшидаёқ терма жамоа таркибига жалб қилинган. 2014 йил Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтган II ўсмирлар Олимпия ўйинларида бронза медалини қўлга киритди. Шундан бери терма жамоамиздан муқим ўрин эгаллаб келмоқда.

2016 йил ўсмирлар ўртасида, 2018, 2019 йиллари ёшлар ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. 2017 йил 18 ёшида катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида даст кўтариш машқида бронза медалига сазовор бўлган.

2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида -62 кг вазн тоифасида делегациямиз ҳисобига бронза медалини тақдим қилган. 2019 йил Таиландда ўтган катталар ўртасидаги навбатдаги жаҳон чемпионатида силтаб кўтариш машқида яна бир бронза медали эгасига айланди.

Халқаро оғир атлетика федерациясининг Токио-2020 Олимпиадаси рейтинги орқали -67 кг вазн тоифасида Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди.