Skip to main content
Yangiliklar

Улар Токиога боришади: Олимпия ўйинларида иккинчи бор қатнашадиган Никита Рафалович

By 20.05.2021No Comments

Таеквондо бўйича терма жамоамиз аъзоси Никита Рафалович “Улар Токиога боришади” лойиҳамизнинг бугунги қаҳрамонимиз бўлади. Токио-2020 икки карра жаҳон чемпионати финалчиси учун иккинчи Олимпиада бўлади.

Никита Игоревич Рафалович 1993-йил 10-октябр куни Тошкент шаҳрида туғилган. Таеквондо бўйича Халқаро тоифадаги спорт устаси.

Никита 2000-йилдан Александр Ким қўл остида шуғуллана бошлаган. Ҳозирги мураббийи Максим Рафалович (акаси). 2008-йил ўсмирлар, 2010-йилдан катталар бўйича терма жамоа таркибига кирган.

Таеквондочимизнинг халқаро ареналардаги муваффақияти 2014-йилдан бошланди. Шу йили дастлаб Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида бронза, Инчеонда ўтган Осиё ўйинларида эса кумуш медални қўлга киритди.

Терма жамоамиз учун энг муваффақиятли ўтган 2015-йилги жаҳон чемпионатида Никита ҳам ўз ғалабалари билан барчани хурсанд қилган. Ҳамюртимиз Челябинскда ўтган мазкур дунё биринчилигида кумуш медалга сазовор бўлган эди.

2016-йил Филиппинда ўтган Осиё чемпионатида яна бир кумуш медални қўлга киритди. Шундан сўнг ушбу мамлакатда ўтган Рио-2016 лицензион турнирида зафар қучиб, илк бор Олимпия ўйинларига йўлланма олди. Бразилияда эса ҳамюртимиз ўзига улкан тажриба тўплади.

2017-йилги жаҳон чемпионатида Никита яна бир бор финалга етиб келди. Афсуски, бу гал ҳам қилувчи жангда имкониятни бой бериб, кумуш медал билан тақдирланди.

2018-йил таеквондочимиз Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида ғалаба қозониб, делегациямизнинг умумжамоа ҳисобида юқори натижа қайд этишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

Рақамлар мисолида олиб қарайдиган бўлсак, Никита Рафалович жаҳон чемпионатларида 2 та кумуш, Гран-при турнирларида 3 та бронза, “Катта дубулға”да 1 та бронза, турли қитъавий мусобақаларда 3 та олтин, 2 тадан кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлган. Халқаро таеквондо федерациясининг (WТ) 2020-йил 1-январ ҳолатига кўра эълон қилган рейтинги якуни бўйича Токио-2020 Олимпиадасига йўлланма олган.