Skip to main content
Yangiliklar

Жаҳон чемпиони бўлган боксчи қизимиз муносиб тақдирланди

By 26.04.2021April 27th, 2021No Comments

Хабар бериб ўтганимиздек, 13-23 апрель кунлари Польшанинг Кельце шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда ҳамюртимиз Нигина Ўктамова (-54 кг) ғалаба қозониб, ўзбек боксчи қизлари орасида илк бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

Ушбу ғалаба шарафига бугун Ўзбекистон бокс федерациясида ўзига хос тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Туризм ва спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари ва Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, жаҳон чемпиони Нигина Ўктамова, унинг мураббийлари ва яқинлари, шунингдек ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбир давомида ўзбек бокси тарихида янги саҳифа очган жаҳон чемпиони Нигина Ўктамовага махсус совға – «Nexia 3» автомобили тантанали тарзда совға қилинди.

Боксчимиз ушбу эътибордан хурсанд эканлиги яшириб ўтирмади:

«Ушбу кўрсатилган эътибордан бениҳоя хурсандман. Бу мамлакатимизда спортга, ҳусусан боксга қаратилаётган катта эътиборнинг самараси. Биз ёшларга ишонч билдириб, барча шароитларни яратиб бераётганликлари учун Президентимизга, Туризм ва спорт вазирлигига, Миллий Олимпия қўмитаси ва албатта Ўзбекистон бокс федерациясига миннатдорчилигимни билдираман», – деди Нигина Ўктамова.