Skip to main content
Yangiliklar

“Токиога 90 кун” номли халқаро семинар бошланди

By 23.04.2021No Comments

Бугун Токио-2020 Олимпия ўйинларининг бошланишига роппа-роса 90 кун қолди. Ушбу сана муносабати билан бугун МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази томонидан “Токиога 90 кун” мавзусида халқаро семинар бошланди.

Тадбир аввалида МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов сўз олиб, спортдаги ютуқларда тиббиёт соҳасининг ўрни, бугунги анжуманнинг ўзбек спорти учун аҳамияти ҳақида гапириб ўтди.

“Аввало, ушбу илмий анжуман ташкилотчиларига Ўзбекистонда спорт, спорт тиббиётини ривожлантиришга қўшаётган улкан ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Спортдаги замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда атлетларимизни Токио Олимпиадасига тайёрлаш РСТИАМ жамоаси ходимларининг асосий вазифаларидан. Қолаверса, бугунги конференция ушбу фикримизнинг янада долзарблигини таъкидлайди. Олдимизда Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари, Париж-2024 Олимпия ўйинлари каби йирик мусобақалар турибди. Биз уларга ҳам ушбу Марказимиз жамоаси билан илм-фаннинг сўнгги ютуқларидан фойдаланган ҳолда биргаликда тайёрланамиз. Шунингдек, диетология ва психология масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим, чунки бу соҳаларсиз спортчиларни мусобақаларга тўлиқ тайёрлаш мумкин эмас. Муҳтарам Президентимиз спорт соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратаётгани ва ушбу йўналишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Ишонч билан айтишим мумкинки, Юртбошимизнинг қўллаб-қувватлаши туфайли спортчиларимиз жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроғини янада баланд кўтаришади”, – деди МОҚ раиси.

Семинарда Россия, Туркия, Германиядан ташриф буюрган малакали шифокорлар қатори ҳамюртларимиз ҳам иштирок этишмоқда. Анжуманда мутахассислар соҳада инновацион технологиялардан фойдаланиш, спортда травматизм муаммолари, спорт генетикаси, жароҳатларга тўғри ташхис қўйиш, реабилитацияда лазер, магнит ва зарб-тўлқинли терапияни қўллаш каби мавзуларида маърузалар қилишади. Халқаро анжуман кун давомида бўлиб ўтади.