Skip to main content
Yangiliklar

Токио-2020: Тарғибот ишлари режаси ва пиар стратегияси муҳокама марказида

By 30.04.2021No Comments

Бугун МОҚда яқинлашиб келаётган Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларигача бўлган давр мобайнида олиб бориладиган тарғибот ишлари режаси ва пиар стратегияси муҳокама қилинди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Бош котиб Ойбек Касимов, Қўмита раисининг ўринбосарлари Сакен Полатов, Азизжон Камилов, Шерзод Ташматов, шунингдек, МОҚнинг бошқа мутасадди вакиллари ва мазкур соҳаларда улкан тажрибага эга бўлган мухтахассислар иштирок этишди.

Мавзулар юзасидан тақдимотни “Fresh-media” пиар компанияси директори Анна Айрапетова олиб борди. Унда Токио-2020 Олимпиадасигача бўлган даврда ўзбек спортчиларининг фаолиятини ҳар жабҳада ёритиш, уларни халқимизга машҳур қилиш ғоялари акс этган. Шунингдек, режада Олимпия ўйинларидан ташқари оммавий спорт тарғиботи, соғлом турмуш тарзи бўйича “Янги Ўзбекистон янги ғалабалар” ғоясини мужассам қилган тарғибот ишларини ташкил этиш ҳам акс этган. Бунда юртимизнинг машҳур спортчиларидан фойдаланиш, ўзбек спортининг ёрқин вакиллари сиймосида ёшлар учун қаҳрамонлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. Ўз навбатида, МОҚ раиси лойиҳанинг келгуси қадамлари бўйича гапириб ўтди:

“Профессионал спортчиларимизнинг машҳурлиги ёрдамида юртимизда соғлом турмуш тарғиботини ҳам янада кучайтириш мумкин. Бўлажак юлдузлар оммавий спорт мусобақаларида ўзини кўрсатади. Президентимиз ёшларга кенг имкониятлар эшигини очиб бераётган экан, биз мазкур ғоянинг спорт соҳасидаги давомчилари бўлишимиз лозим. Бунда “Янги Ўзбекистон – янги ғалабалар” шиори бизнинг бош ғоямиз бўлади”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Учрашув давомида тақдимот бўйича атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, МОҚ раиси томонидан бу жараёнда машҳур пара-атлетларимиздан ҳам фаол фойдаланиш каби қўшимча йўналишлар бўйича кўрсатмалар берилди.