Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар (федерациялар) матбуот котиблари билан навбатдаги йиғилиш ўтказди. Унда 1-чорак давомида олиб борилган ишлар сарҳисоб этилиб, янги режалар муҳокама қилинди. Йиғилишда МОҚ раисининг матбуот котиби, ахборот-сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Зафар Имомхўжаев, федерацияларнинг бош котиблари ва бошқа масъул ходимлари иштирок этишди.
Даставвал матбуот котибларининг биринчи чорак давомида олиб борган фаолияти, ўз терма жамоаларининг Токио-2020 Олимпия ўйинларига кўраётган тайёргарлигини ёритиши муҳокама қилинди. Ходимларнинг ишлари билан танишар экан, МОҚ раиси иш самарадорлигини кучайтириш бўйича қўшимча тавсиялар берди.
“Спортчиларимиз бизнинг ҳақиқий қаҳрамонларимиз. Уларнинг сиймосини ёшларимиз орасида янада машҳур қилишимиз, соғлом турмуш тарзи тарғиботини янада кучайтиришимиз лозим. Биз бу бўйича юртимизнинг етакчи ОАВ, шаҳардаги LED экранлар, ижтимоий тармоқларлардан иборат тармоқ тузмоқдамиз. Сизлардан бу борада янада фаол бўлишингизни сўраб қоламиз. Президентимиз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг қаҳрамонларини биргаликда машҳур қиламиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Шунингдек, МОҚ раиси суҳбат давомида муаллифлик, таҳлилий ва танқидий материалларни янада кўпайтириш зарурлигини таъкидлади. Лицензион мусобақа арафасида турган терма жамоаларимизни қўллаб-қувватлаш ҳақида барчага 1 ҳафта ичида 10-15 сонияли мотивацион характердаги видеороликлар тайёрлаш бўйича топшириқ берди.