Skip to main content
Yangiliklar

Фарғонадан Самарқандга йўл олган нуронийлар МОҚга ташриф буюришди

By 01.04.2021No Comments

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–6099-сонли Фармонини кенг тарғиб қилиш мақсадида амалга оширилаётган ташаббуслар кенг қулоч ёймоқда.

Куни кеча фарғоналик бир гуруҳ отахонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари доирасида Фарғонадан Самарқандгача велосипедда йўлга чиқишган эди.

Ушбу ташаббусга қўшилган фарғоналик 27 нафар нуронийлар ва отахонлар велосипедда Самарқандгача бўлган масофани босиб ўтиш орқали аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишни мақсад қилишган. Веломарафончилар 31 март куни Фарғона вилояти Қўштепа тумани Маданият марказидан йўлга чиқишди. Отахонлар соатига ўртача 20-25 км масофани босиб ўтган ҳолда бугун Тошкент шаҳрига етиб келишди. Улар дастлаб Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, шундан сўнг Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюришди.

МОҚда ўтган тадбирда меҳмонларни Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Азизжон Камилов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов бошчилигидаги мутасаддилар қарши олишди. Унда сўзга чиққан расмийлар ёши улуғ ушбу ҳамюртларимизнинг соғлом турмуш тарғиботи йўлида олиб бораётган бундай ташаббусларини юксак баҳолаб, бунинг учун ташаккур изҳор қилишди. Тадбир давомида велосаёҳатчиларга МОҚ номидан эсдалик совғалари тақдим қилинди.

Таъкидлаш жоиз, ушбу отахонларнинг энг кичиги 58, энг каттаси 79 ёш ҳисобланади. Фарғоналик нуронийлар шунинг билан Самарқанд шаҳри томон йўлга тушишди. Режа бўйича улар 4 апрелда, яна 3 кундан кейин кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига етиб боришни мақсад қилишган.