Skip to main content
Yangiliklar

Делегациямиздан Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига нечта йўлланма кутилмоқда?

By 23.04.2021No Comments

Бу ҳақида “Токиога 90 кун” мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти батафсил жавоб берди.

Бугун 23 апрель, Япония пойтахти Токио шаҳрида старт оладиган XXXII Олимпия ўйинлари бошланишига роппа-роса 90 кун қолди. Ўзбекистон МОҚда ушбу сана юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ҳамда Шерзод Ташматов ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Тадбир давомида спортчиларимизнинг ҳозирги кунда Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қўлга киритган йўлланмалари, Олимпиадага тайёргарлик режалари ва бошқа бир қатор масалалар бўйича атрофлича савол-жавоблар бўлиб ўтди. Тадбирни Равшан Ирматов очиб берди.

“Барчамиз кутаётган Олимпиада бошланишига ҳам 3 ой қолди. Ҳозирда Ўзбекистон МОҚ Туризм ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда бўлажак мусобақага қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Президентимизнинг эътибори ва қўллаб-қувватлашлари сабаб тайёргарлик жараёни билан боғлиқ барча масалаларимиз ижобий ҳал этилган”, – деди МОҚ раисининг биринчи ўринбосари.

Тадбир давомида Шерзод Ташматов терма жамоаларимизнинг Олимпиадага олиб бораётган тайёргарлиги, йўлланма олиши кутилаётган спорт турлари ҳақида гапириб ўтди.

“Бизнинг ҳисоб-китоб бўйича Олимпия ўйинларига 73, Паралимпия ўйинларига эса 50 га яқин йўлланма кўзланган. Ҳозир барча терма жамоаларимиз психолог, диетолог, хорижлик мутахассис билан тўлиқ таъминланди. Атлетларимизнинг саломатлигини сақлаш бўйича Қўмитамиз қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази билан барча зарур чораларни кўрганмиз. Уларнинг ўз вақтида ухлашларидан тортиб, вақтида машғулот олиб боришларигача ҳисоб-китоб қилинган. Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан барча шароитлар яратиб берилмоқда”, – деди Шерзод Ташматов.

Ўз ўрнида МОҚ Бош котиби Олимпиаданинг қолдирилиши бўйича тарқалаётган миш-мишлар, вакцинация бўйича қуйидаги фикрларни билдирди:

“Биз Халқаро Олимпия қўмитаси вакиллари билан тез-тез боғланиб турамиз. Ҳозирда ХОҚ ва Япония томони нима бўлганда ҳам Олимпиадани ўтказиш ниятида. Тўғри, бунда мухлисларнинг Японияга ташрифи таъқиқланган. Қолаверса, иштирокчи делегатлардан келадиган расмийлар ҳам қисқартирилади. Вакцинация борасида шу бугунги ҳолат бўйича қатъий талаб йўқ. Япония ҳукумати спортчиларнинг ўз юртида давлат томонидан тасдиқланган вакцина асосида эмланиши мумкинлигини таъкидлаган. Токиога парвозлар тўхтатилгани боис ҳозирда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси билан мусобақадаги иштирокига қараб ҳар бир терма жамоаларимиз учун алоҳида чартер рейслар ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда”.

Шунингдек, МОҚ раисининг ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов дзюдочиларимизнинг тайёргарлиги борасида маълумот берди.

“Узоқ муддат пандемия бўлгани боис Халқаро дзюдо федерацияси рестартдан сўнг мусобақалар тақвимини тиғиз ва уларнинг нуфузини камида “Катта дубулға” турнирига тенглаштириб берди. Қўшимчасига циклни жаҳон чемпионати ёпиб беради. Бу терма жамоаларга керакли рейтинг очколарини жамғариб олишлари учун яратилган имконият. Биз ҳам бундан максимал фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳозир жамоамиз Грузия йиғинида. Олимпиадагача бизда 2 та мусобақа Қозон “Катта дубулға” турнири ва Будапештдаги ЖЧ қолди”, – деди А.Камилов.

Анжуман давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган бошқа мавзулар бўйича саволларига жавоб олишди.