Хабарингиз бор, айни кунларда Халқаро кураш ассоциацияси (ХКА) президенти, Осиё Олимпия кенгашининг Осиё ўйинларини ўтказиш департаменти директори Ҳайдар Фармон юртимизда бўлиб турибди. Бугун мартабали меҳмон МОҚга ташриф буюрди.
Ҳайдар Фармонни МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов қарши олди. Шунингдек, у билан келгусидаги ҳамкорлик ишларини янада мустаҳкамлаш бўйича суҳбат ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Азиз Камилов, ХКА вице-президенти Зиёвуддин Ҳожиниёзов, МОҚ ва ХКАнинг мутасадди вакиллари иштирок этишди.
Суҳбатда МОҚ раиси Президентимиз томонидан спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида гапириб берди. Бунда “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига режалаштирилаётган бош ҳудуд тақдимоти мисол қилиб олинди.
“Муҳтарам юртбошимиз “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик масаласини шахсан ўзлари назорат қилиб турибдилар. Бу борада Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитасига тегишли топшириқлар берилган. Даставвал, пойтахтимиздаги мавжуд спорт объектлари таҳлил қилиниб, шаҳарнинг чеккасидаги баҳаво ҳудуд Олимпия шаҳарчаси учун танлаб олинди. Шунингдек, унинг ичида кураш бўйича махсус институт ҳам ташкил этилиши режалаштирилган. Буларнинг бари президентимизнинг Олимпизм ғоялари ва спортга қаратаётган эътиборларидан далолат беради”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Ўз навбатида Ҳайдар Фармон ишлаб чиқилган лойиҳа ва дастурларга юқори баҳо берди.
“Давлат раҳбарининг эътиборини ҳар жабҳада сезиш мумкин. Барчаси жуда ажойиб режалаштирилган. Ўзбекистонга амалга оширган навбатдаги ташрифимдан катта таассурот олмоқдаман. Биз барчамиз бир оиламиз. ХКА Ижроия қўмитаси номидан курашни ривожлантиришда қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига чексиз миннатдорчилик билдираман. Аминманки, ушбу лойиҳа ўзбек спорти ривожи учун ҳам катта туртки бўлади. Бу ишларнинг устида давлатингиз раҳбари турган экан, унинг муваффақиятли амалга ошишига ишонаман. Осиё Олимпия кенгаши бу борада ҳар қандай ёрдам беришга тайёр”, – деди Ҳайдар Фармон.
Суҳбат давомида кураш истиқболи, уни нафақат юртимиз, балки бутун дунёда янада оммалаштириш, “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари дастурига киритиладиган спорт турлари бўйича атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир якунида мартабали меҳмонга МОҚнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.