Skip to main content
Yangiliklar

Жамоаларимиз украиналик шифокорлар билан ҳамкорликда Токио Олимпиадасига тайёрланади

By 19.03.2021No Comments

Ўтган йили ZOOM платформаси орқали Украина ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмиталари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган ва ушбу қўшма лойиҳада терма жамоаларимизнинг ўзаро қўшма ўқув-йиғин машғулотларини олиб боришлари, спорт соҳасининг ҳар қайси йўналишида эришилган ютуқлар билан баҳам кўриш, спорт тиббиёти бўйича тажриба алмашиш масалалари қайд этилган эди. Бу борада бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Токио-2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик доирасида ҳар икки мамлакат спорт тиббиёти йўналишида биргаликда ишлашларини айтиб ўтиш ўринли. Соҳада улкан тажрибага эга бўлган украиналик шифокор Вячеслав Попов Олимпиадага тайёргарлик доирасида Ўзбекистон МОҚ билан ҳамкорлик қилиши кутилмоқда. ZOOM платформасида ўтган йиғилишда МОҚ раиси Шерзод Ташматов, Қўмита қошидаги РСТИАМ директори Абдушукур Садиков, спорт федерация ва ассоциацияларнинг мутасаддилари ва МОҚ ходимлари ушбу масалани атрофлича муҳокама қилишди.

Суҳбат давомида Шерзод Ташматов томонидан Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнида терма жамоаларимиз учун керакли бўладиган фармакологик воситалар билан ишлаш ва уларнинг рўйхатини шакллантириш, спортчиларни Олимпиадага тиббий жиҳатдан босқичма босқич тайёрлашда ҳамкорлик қилиш бўйича керакли топшириқлар берилди. Унга кўра, Вячеслав Попов бошлигидаги украиналик шифокорлар терма жамоаларимиз билан ўқув-машғулот йиғинлари ва мусобақаларда ҳамкорликда ишлаши кўзда тутилган.