Skip to main content
Yangiliklar

МОҚ ва Вазирлик раҳбарлари Чирчиқдаги спортга ихтисослаштирилган ўқув масканларига ташриф буюришди

By 05.03.2021No Comments

Чирчиқ Олимпия захиралари коллежи ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт университети барча спорт турларида терма жамоаларимиз учун етук атлетларни етиштириб берадиган энг асосий масканлардан ҳисобланади. Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов Чирчиқ шаҳрига ташриф буюриб, юқорида номлари келтириб ўтилган ўқув юртларида ўқувчи ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишишди.

Мутасаддилар даставвал коллеж ичида олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечирдилар ва шу билан маскан ичидаги бўлимларни бирма-бир кўриб чиқишди. Бу борада ёш спортчиларга берилаётган овқатлар рациони, уларнинг ётоқхоналарида яратилган шароитлар эътибор марказида бўлди. МОҚ раиси ошпазлар билан суҳбатлашар экан, ўзининг тавсияларини бериб ўтди.

“Ўқувчиларга берилаётган таомлар менюсини янада бойитиш керак. Дастурхондан қўшимча мева ва сабзавотлар ҳам узилмаслиги лозим. Бу ёшлар ўзбек спортининг эртаси ва келажаги. Уларнинг ҳозир ўсадиган, кучга тўлиши керак бўлган пайти. Керак бўлса, икки ҳисса овқат ейишни хоҳлайдиган талабгорларнинг ҳам эҳтиёжини қондириш зарур. Агар бу борада қандайдир муаммо ва камчиликлар бўлса, бизга мурожаат қилинглар. Ҳукуматимиз бизни доимо қўллаб келган”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ошхонадан сўнг ётоқхона, тиббиёт пункти ва кутубхоналарда ҳам бўлиб, ўқувчилар учун яратилган ҳар бир шароитга алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг расмийлар аввал ўқув дарслари, сўнг машғулот жараёнларини ҳам кузатишди. Ёш дзюдочиларимиз билан суҳбатда катта мусобақалар ҳавосини кўришлари учун уларни 5-7 март кунлари пойтахтимиздаги “Ҳумо арена”да бўлиб ўтадиган “Катта дубулға” мусобақасига олиб бориш бўйича мураббийларига қатъий кўрсатма берилди.

Мураббий ва услубчилар билан суҳбатда ёшларни миллий ватанпарварлик руҳда тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратиш лозимлиги айтилди. Шунингдек, “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларида иштирок этиши кутилаётган синф ўқувчилари, улар орасида кучли иқтидор эгаларини саралаб олиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.

Олимпия захиралари коллежидан сўнг Р. Шоабдураҳмонов ва Р. Ирматов яқинда Туркия сафаридан қайтган оғир атлетикачиларимизнинг базаларига ҳам кириб ўтишди. Спортчиларимиз билан ўтган самимий суҳбатда уларнинг кайфияти, машғулотлар жараёни, яқин режалар ҳақида суҳбатлашилди.

Шунинг билан навбатдаги манзил Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети бўлди. МОҚ ва Вазирлик раҳбарлари Университет ичидаги ёпиқ манежга киришар экан, бу ердаги вазият аянчли эканлиги яққол кўзга ташланди. Баскетбол тўпида волейбол ўйнаётган талабалар, ечиниш хонаси йўқлиги сабаб трибунанинг ўзида кийим алмаштираётган ёшлар расмийлар диққат-марказида бўлди. Мутасаддилар ёш талабалар билан олдиларига қўйган мақсадлари, режалари, ўқиш жараёнида яратилган шароитлар ҳақида очиқ мулоқот қилишди.

Шу тариқа МОҚ ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарларининг Чирчиқ сафари якунланди. Мутасаддилар томонидан бугунги ўрганишлар юзасидан тегишли масъулларга кўрсатмалар берилиб, бартараф этилиши керак бўлган масалалар аниқ белгилаб олинди.