Skip to main content
Yangiliklar

МОҚ раиси Корея Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан онлайн суҳбатлашди

By 24.03.2021No Comments

Жанубий Корея спорти жаҳонда ўз ўрнига эга бўлиб, бир қатор йўналишларда дунёнинг етакчи мамлакатлари қаторига киради. Йирик мусобақаларга тайёрланишда эса бу каби давлат вакиллари билан ҳамкорликда ишлаш ўз самарасини бериши табиий. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Кан Чже Квон билан онлайн мулоқот орқали шу ва бошқа масалалар бўйича атрофлича фикр алмашди. Мулоқотда, шунингдек, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси мутасаддилари ҳам иштирок этишди.

Суҳбат давомида Токио Олимпиадасига тайёргарлик доирасида бир қатор спорт турлари бўйича терма жамоаларимиз ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилиш, атлетларни вакцинация қилиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг октябрь ойида Корея Республикасининг пойтахти Сеул шаҳрида Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси (ANOC)нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтиши режалаштирилган. Элчи жаноблари Рустам Шоабдураҳмоновни бўлажак тадбирга расман таклиф этишдан миннатдор эканлигини билдирар экан, бу унинг учун улкан шараф эканини таъкидлади. Шунингдек, суҳбатда регби бўйича кореялик мураббийнинг терма жамоамизда ишлаши бўйича ҳам муҳокама олиб борилди.