Skip to main content
Yangiliklar

МОҚ қошидаги РСТИАМ ўз режалари билан таништирди

By 24.03.2021No Comments

Бугун МОҚ қошида ташкил этилган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг (РСТИАМ) 2020 йилдаги фаолияти ва 2021 йил режаларига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Онлайн форматда ўтган ушбу тадбирда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Абдушукур Садиков бошчилигидаги РСТИАМ тиббиёт ходимлари, МОҚ вакиллари, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларда фаолият олиб бораётган шифокорлар иштирок этишди.

Йиғилишнинг илк қисмида А.Садиков Марказнинг 2020 йилда олиб борган фаолиятига оид ҳисобот берди. Унда ўтган йил давомида Марказ томонидан қилинган ишлар, олинган даромад, қайси йўналишда мижозларнинг кўп мурожаат қилгани, нечта спортчилар тиббий текширувдан ўтгани, 2021 ва 2022 йиллар давомида қайси техник қурилмаларни сотиб олиш режалаштирилаётгани ҳақида маълумотлар айтилди. Маълумотга кўра, 2020 йил давомида 600 нафардан ортиқ асосий терма жамоамиз вакиллари, 100 нафардан ортиқ БЎСМ тарбияланувчиларига тиббий хизмат кўрсатилган. Атлетларимиздан 2000 дан ортиқ ПЦР таҳлиллари олинган. Энг кўп мурожаат эса Марказнинг МРТ ва лаборатория хизматида кузатилган.

Шундан сўнг шифокор-травматолог Суннатилла Йўлчиев “Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган спортчиларнинг ҳолати ва уларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, ҳозирги пандемия шароитида спортчиларнинг соғлиғини назоратга олиш бўйича чора-тадбирлар режаси”, Марказ директорининг ўринбосари Искандар Мавлонов эса “Янги дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, интеллектуал мулкни расмийлаштириш, грантлар бўйича янги илмий лойиҳалар” мавзусида тақдимот қилишди.

Ўз ўрнида МОҚ раиси тақдимотлар ва РСТИАМ фаолияти бўйича фикрларини билдириб ўтди:

“Спортчи ва мураббийларга қулай бўладиган хизматларни янада кўпайтиришни тавсия қиламиз. Сиз тақдимотга кўрсатган техникаларнинг ҳозирги шароитда қанчалик керакли экани бўйича шифокорларимиз билан муҳокама қилиш ўринли. Барчаси аввало ўзбек спорти учун бўлиши керак. Бутун дунёда спорт фармакологияси ҳам катта ўсишга эришмоқда. Ўзимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўсимликлар кимёси институти билан ҳамкорликда маҳаллий дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарур. Марказимиз Республикамизда ягона. У спортчи ва халқимизнинг саломатлиги йўлида хизмат қилувчи инновацион марказ бўлиши лозим. Фақат МРТ учун эмас, бошқа тиббий хизматларимизга ҳам одамлар навбатда туришсин”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Онлайн суҳбат давомида Соғлиқни сақлаш, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари билан келишган ҳолда жамоаларимизни Токио Олимпиадасига тайёрлаш, бу борада чет эл тажрибаларини ўрганиш, Марказни жиҳозлашда янги инновацион қурилмалардан фойдаланиш, ўқув-машғулот базаларида барча эпидемиологик талабларни кучайтириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.