Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда спорт соҳасида эришаётган ютуқлари жаҳон ҳамжамиятининг эътибор марказида бўлиб келмоқда. Айниқса, Рио-2016 ёзги Олимпия ўйинларида делегациямиз қайд этган натижа мамлакатимизнинг спорт соҳасида қанчалик илдамлаб бораётганидан далолат беради. Қолаверса, бугун бутун дунё «ўзбек бокс модели»ни тан олди. Муҳтарам Президентимиз юртимизда соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси билан атлетларимиз жаҳон ареналарида зафарли юришларини давом эттиришмоқда. Мураккаб эпидемиологик вазият бўлишига қарамай Тошкент кўплаб халқаро спорт тадбирларига мезбонлик қилиши ва уларни муваффақиятли ўтказиши юртимиз аҳолиси орасида соғлом турмуш тарғиботини кучайтириш қаторида халқаро ОАВ нигоҳида ҳам бўлиб турибди.
Шу асосда дунёга машҳур ВВС компанияси Миллий олимпия қўмитасига «Ўзбекистон – чемпионлар юрти» номли лойиҳани суратга олиш бўйича таклиф билан чиқди. Бугун ZOOM платформасида онлайн мулоқот орқали ушбу лойиҳа атрофлича муҳокама қилиб олинди. Йиғилишда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раисининг матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Зафар Имомхўжаев, МОҚ Халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев, шунингдек, BBC World News компаниясининг Россиядаги ваколатхонаси тижорат директори Сергей Становкин ва ташкилотнинг Евросиё бўйича халқаро тижорат лойиҳалари продюсери Мария Тебякина иштирок этишди. Таъкидлаш жоиз, Сергей Стаховкин Лондондан, Мария Тебякина эса Москвадан туриб ушбу мулоқотда қатнашдилар. Суҳбатда МОҚ Бош котиби юртимизда ҳукуматимиз томонидан спортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб ўтди.
«Президентимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этар эканлар, бунда аҳоли саломатлигига, халқимизнинг спорт билан шуғулланишларига катта аҳамият қаратмоқдалар. Куни кеча дзюдо бўйича Тошкент «Катта дубулға» турнирини юқори савияда ўтказдик. Апрель ойида профессионал бокс, бадиий гимнастика, оғир атлетика ва қиличбозлик бўйича йирик мусобақаларни, июнь ойида самбо бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида Осиё чемпионатини қабул қиламиз. Юртбошимиз томонидан шу йилнинг ўзида халқимизнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида 20 дан зиёд йирик халқаро турнирлар ўтказиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Яна бир муҳим жиҳат Тошкент 2025 йилда IV ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Мамлакатимиз тарихида илк маротаба ташкил этиладиган бундай йирик комплекс мусобақаси Янги Ўзбекистоннинг салоҳиятини бутун дунёга намойиш этиш учун зўр имкониятдир ”, – деди Ойбек Касимов.
«Ўзбекистон – чемпионлар юрти» лойиҳасида BBC World News компанияси томонидан мамлакатимизнинг спорт салоҳияти билан биргаликда туризм борасидаги имкониятларини очиб бериш кўзда тутилган. Онлайн учрашувда иштирок этган халқаро ташкилот вакиллари шу пайтга қадар Озарбайжон, Қозоғистон, Россия каби МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга оширганлиги юзасидан маълумот беришди. Суҳбат давомида Ўзбекистон МОҚ ва BBC World News компанияси ўртасидаги ушбу лойиҳани амалга ошириш режалари, томонлардан талаб этиладиган мажбуриятлар муҳокама қилиб олинди.