Skip to main content
Yangiliklar

ADAMS тизимида ишлаш бўйича МОҚ ишчи гуруҳи фаолиятини бошлади

By 17.03.2021No Comments

Халқаро антидопинг агентлиги томонидан йўлга қўйилган ADAMS тизими билан ишлашда нафақат ўзбек, балки жаҳон спортида муаммолар юзага келмоқда. Бу борада Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташаббуси билан Қўмита қошида Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган асосий спортчиларимизнинг ADAMS тизимидаги шахсий профилини назорат қилиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди ва у ўз фаолиятини бошлади. Бу борада МОҚ, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар мутасаддилари билан ўтган онлайн учрашувда маълум қилинди. ZOOM платформасида ўтган тадбирда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, МОҚ қошидаги РСТИАМ директори Абдушукур Садиков, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар раҳбарияти иштирок этишди.

“Токио Олимпиадаси ҳам яқин қолди. Ҳозир барчамиз лицензион мусобақаларга ва Олимпия ўйинларига ҳозирлик кўрмоқдамиз. Токио-2020 сари финиш тўғри чизиғига келган пайтимиз бу борада муаммоларнинг пайдо бўлиши йиллар давомида қилаётган катта меҳнатимизни йўққа чиқариши ҳеч гап эмас. Шу боис барчангиздан МОҚ қошида тузилаётган ишчи гуруҳ билан доимий алоқада бўлишингизни, спортчиларнинг ADAMS тизимида кўрсатилган маълумотлари ўз вақтида янгиланиб борилишини назорат қилишингизни сўраймиз”, – деди Шерзод Ташматов.

МОҚ қошида тузилган ишчи гуруҳга 2 нафар мутахассис бошчилик қилади. Уларнинг асосий вазифаси ADAMS тизимига киритилган спортчиларимизнинг қаерда эканликлари ҳақида доимий маълумотга эга бўлиб туриш, белгиланган ҳудудда ўзгариш бўлса, дарҳол уни атлетимизнинг профилида ҳам янгилашдан иборат бўлади. Учрашувда ҳар бир федерацияга ушбу ишчи гуруҳ билан ишлаш бўйича масъул вакил бириктириш борасида кўрсатма берилди.