Олимпия ўйинларига асосан АҚШда ҳозирлик кўраётган боксчимиз Баҳодир Жалолов шу кунларда юртимизга қайтиб келган. Режага кўра, Жалолов ой сўнгида ўтадиган халқаро мусобақада терма жамоамиз билан иштирок этиши кутилмоқда. Бугун боксчимиз МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов қабулида бўлди. Суҳбатда МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, шунингдек, терма жамоамиз мураббийлари Тўлқин Қиличев ва Раҳматжон Рўзиоҳуновлар иштирок этишди.
Учрашув давомида МОҚ раиси боксчимизнинг Қўшма Штатлардаги машғулот графиклари, у ерда истеъмол қиладиган овқатларининг рациони, машғулотлар методикаси орасидаги фарқ, спарринг рақиблари ҳақида суҳбатлашди. Шунингдек, унинг сиймосида юртимиз ёшлари орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида ҳам фикр алмашилди.
“Сизлар ўсиб келаётган ёш авлод учун ҳақиқий қаҳрамон бўлишингиз керак. Токи улар ортингиздан соғлом турмуш тарзи ва спортга интилишсин. Бунинг учун биз барча тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борамиз. Зеро, муҳтарам Президентимиз бу йўналишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Ушбу учрашувимизда менежмент соҳасида улкан тажрибага эга мутахассис ҳам қатнашмоқда. Тошкентдалигингиздан фойдаланиб, керакли материалларни ёзиб олиш лозим”, – деди МОҚ раиси.
Шунингдек, суҳбат давомида боксчиларимизни Токио Олимпиадасига тайёрлаш, спортчимизнинг Олимпиададан кейинги режалари ҳақида атрофлича суҳбат олиб борилди.