Skip to main content
Yangiliklar

Юртимизда ишлаётган хорижлик мураббийлар фаолияти сарҳисоб қилинди

By 05.02.2021No Comments

Ҳозирда Олимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларимизда спортнинг 17 турида 22 нафар хорижлик мураббийлар фаолият олиб боришмоқда. Шубҳасиз, йирик мусобақаларга тайёрланишда жаҳон тажрибаларини юртимизда кенг татбиқ қилиш катта аҳамиятга эга. Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ушбу хорижий мураббийларнинг маошига оид барча молиявий масалалар ҳал қилинган. Хўш, уларнинг фаолияти ҳозирда спортимиз мутасаддиларини қониқтиряптими? Бунинг таъсирида спортчиларимизнинг натижаларида қанчалик ўсиш кузатилмоқда? Бугун ушбу мавзулар юзасидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида “Хорижий мутахассислар билан меҳнат шартномалари (контрактлар) тузиш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқиш” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, федерация ва ассоциациялар масъуллари, Республика олий спорт маҳорат мактаблари мутасаддилари иштирок этишди.

“Риода ўтказилган Олимпия ўйинларини ёдга олсак, унда делегациямиз Олимпия ўйинларига 70 та йўлланма қўлга киритган. Ҳисоб-китоблар бўйича Токиодаги Олимпия ўйинларига ҳам тахминан шунча лицензия оламиз. Бироқ ҳукуматимиз Токио Олимпиадасига тайёргарлик учун Риодагига қараганда анча катта эътибор қаратмоқда. Федерацияларимиз сўраган хорижий мураббийлар жамоага таклиф этилмоқда. Аммо натижаларда катта ўзгариш йўқ. Шундай экан, фаолиятимизни яна бир бор танқидий кўриб чиқишимиз лозим”, – деди МОҚ раиси.

Йиғилишда даставвал терма жамоаларимизда фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг иши сўнгги икки йил кесимида бирма бир таҳлил қилиб чиқилди. Қўлга киритилган ютуқлар, ўсишлар таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга баъзи мутахассисларнинг фаолиятига ҳам танқидий баҳо берилди. Жумладан, енгил атлетика бўйича жамоамизда ишлаётган Борис Жгирнинг фаолияти борасида эътирозлар билдирилиб, самарадорликни ошириш бўйича керакли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, жамоаларимизни Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёрлаш дастури бўйича ҳам бир қатор режалар муҳокама этилди. Бу борада хорижлик мутахассис йўқ бўлган жамоаларга эҳтиёжга қараб чет эллик тренер ёки консультантларни жалб қилиш, бунинг учун энг муносиб номзодларни кўриб чиқиш таклиф қилинди.