Skip to main content
Yangiliklar

Спортчиларимизнинг вазнини назорат қилиш бўйича топшириқ берилди

By 16.02.2021No Comments

Муҳим стартлар олдидан спортчиларимиз истеъмол қиладиган овқатлар таркибини, уларнинг вазни ортиб кетмаслигини назорат қилиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу, айниқса, яккакураш спорт турлари учун муҳим. Бугун МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази раҳбарияти билан терма жамоаларимизда мазкур йўналишга бўлган эътиборни кучайтириш мавзусида суҳбатлашди. Унда Марказ директори Абдушукур Садиков, бош шифокор Дилшод Маҳмудов ва шифокор-травматолог Суннатилла Йўлчиев, Қўмита департаменти директори Бегзод Ибрагимов иштирок этишди.

Суҳбатда Шерзод Ташматов мазкур йўналишнинг аҳамияти ҳақида гапириб ўтди.

“Баъзи терма жамоаларда спортчиларимиз керагидан ортиқ вазнда юргани сир эмас. Мусобақадан аввал 10 ёки ундан ортиқ кг вазн тўплаб юборган спортчиларимиз бор. Улар керакли вазнга тушгунича катта потенциални йўқотиб қўйишади. Шунинг учун, мунтазам равишда спортчиларимизнинг вазнини назорат қилиб бориш керак”, – деди Ш.Ташматов.


Учрашув давомида РСТИАМ раҳбариятига ҳар бир федерацияларга бириктирилган диетологлар ишини назоратга олиш, терма жамоаларимиз базасига бориб, мазкур йўналиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан шахсан танишиш, Миллий анти-допинг агентлиги билан ҳамкорлик қилиш бўйича топшириқ берилди.