Yangiliklar

Шерзод Ташматов таэквондо бўйича терма жамоа мураббийлари билан йиғилиш ўтказди

By 20.02.2021 No Comments

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов олдинда турган бир қатор масалаларни муҳокама қилиш мақсадида терма жамоа мураббийлари билан йиғилиш ўтказди. Учрашувда, шунингдек, ассоциация шифокори ва МОҚ мутасаддилари ҳам иштирок этишди.

Суҳбат аввалида мураббийлар май ойида бўлиб ўтадиган лицензион мусобақа учун тайёргарлик режалари ҳақида гапириб ўтишди. Ўз навбатида, Шерзод Ташматов режа борасида ўз фикрларини билдириб, керакли тавсияларни берди.

Аввалги учрашувларимизда ҳам таъкидлаб ўтганмизки, лицензион мусобақага ўша пайтда тайёр бўлган спортчи боради. Шундай экан таэквондочилардан ҳеч бири бўшашмаслиги керак. Кўриб турганингиздек, ҳукуматимиз бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинлари учун барча шароитлар яратиб берилган. Аввал лицензион мусобақада, сўнг Токио Олимпиадасида ўз ғалабаларимиз билан ўзбек таэквондосида янги саҳифа очамиз”, – деди МОҚ раиси ўринбосари.

Шерзод Ташматов суҳбатда ассоциация шифокорига спортчиларнинг саломатлигини янада қаттиқ назоратга олиш, витаминларни ўз вақтида бериб бориш кераклигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, ортиқча вазн йиғаётган спортчиларнинг рационига алоҳида аҳамият қаратиш, апрель ойида пойтахтимизда яна бир халқаро ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш режаси, жамоа учун янги спорт экипировкаларининг дизайни борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди.