Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасида хизмат сафарида бўлиб турган МОҚ Тезкор штаби вакили Мирсардор Алимов Республикада оммавий спорт тарғиботини янада кучайтириш йўлида қатор янги дастур ва лойиҳалар борасида ижобий келишувларни амалга оширмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Давлат университетида оммавий спорт тарғиботи борасида яна бир тадбир ташкил қилинди.
Унга кўра, университетда волейбол бўйича талаба ёшлар ўртасида мусобақа ўтказилиши белгиланган эди. Ташкилотчилар турнир арафасида куни кеча ўзининг 85 ёшини қарши олган спортимиз фахрийларидан бири Юрий Куликовни қутлуғ ёши билан муборак этишди. Айнан волейбол бўйича ўз вақтида Собиқ Иттифоқ терма жамоасида ўйнаган, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган маданият ва спорт ходими фахрий унвонига эга ушбу инсонга кўрсатилган эътибордан унинг боши осмонга етди. Тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Муратбай Жуманов, Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Ғайратбай Байниязов, Қорақалпоғистон Давлат университети ва Нукус педагогика институти раҳбарияти, МОҚнинг Қорақалпоғистондаги вакили Сансизбай Сапарниязов ва кўплаб спорт фахрийлари иштирок этишди. Тадбирда М.Алимов Юрий Куликовга МОҚнинг эсдалик совғаларини тақдим қилди.
Шундан сўнг мусобақаларга старт берилди. Таъкидлаш жоиз, бундай ташаббус муҳтарам юртбошимизнинг мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини янада кенг тарғиб қилиш борасидаги ташаббусларининг амалдаги кўринишларидан биридир.