Skip to main content
Yangiliklar

Мустақиллик йилларидаги ғалабаларимиз акс этган ҳужжатли фильм суратга олиш режалаштирилмоқда

By 24.02.2021No Comments

Бу йил бутун Республикамиз бўйлаб Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги кенг нишонланиши кутилмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда МОҚ ҳамкорликда ушбу давр ичида спорт соҳасида эришган ютуқларимизга бағишланган ҳужжатли фильм суратга олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақида ҳар икки ташкилот раҳбарияти иштирокидаги онлайн йиғилишида таъкидланди.

Ушбу йиғилишда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов ва вазир ўринбосари Нодир Муротов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, шунингдек, Вазирлик ва Қўмитанинг бошқарма бошлиқлари иштирок этишди. Суҳбатда 2021 йил юртимизда бўлиб ўтиши кутилаётган халқаро мусобақалар, уларнинг ташкилий масалалари, йил давомида қўйилган режалар кўриб чиқилди.

Бу йил олдимизда жуда катта вазифалар турибди. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги учун спортимизда эришган ютуқлар ҳақида ҳужжатли фильм ишлашни таклиф қиламан. Бу борада Равшан Ирматовнинг ўзлари энг асосий қаҳрамонларимиздан бири бўладилар”, – деди МОҚ раиси.

Суҳбат давомида яқин орада ўтказилиши кутилаётган дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” турнири, “Наврўз” халқаро марафони, боксчимиз Муроджон Аҳмадалиевнинг чемпионлик камарларини ҳимоя қилувчи жангига пухта тайёргарлик кўриш, улар доирасида халқаро ташкилот раҳбариятини ҳам таклиф қилиб, алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.