Skip to main content
Yangiliklar

Билиб қўйган яхши: Спортда тақиқланган дори-дармонлар

By 08.02.2021No Comments

Кардионат

Қўллаш учун кўрсатмалар: Юракни кислород танқислиги шароитида ҳимоялайди, инфаркт ва инсульт оқибатларини даволашда қўлланилади.

Асосий таъсир этувчи модда – мельдоний бўлиб, у бир қатор давлатлардаги юздан ортиқ спортчиларнинг мусобақалардан четлаштирилишига сабабчи бўлган. Мельдонийнинг 2016 йил 1 январдан бошлаб спортда қўлланилиши тақиқланган. Бу дори воситаси гармонлар ва метаболизм модуляторлари синфига киритилган бўлиб, мусобақа ва мусобақадан ташқари даврларда қўлланиши тақиқланган.

Мельдонийни нафақат «Милдронат» ёки «Кардионат» таркибида, балки «Ангиокардил», «Вазомаг», «Вазонат», «Индринол», «Медатерн», «Мельфор», «Мидолат», «Милдроксин», «Тризипин», «Тримедронат» ва кўпгина бошқа дори воситаларида ҳам учратиш мумкин. Бу ҳақда UzNADA бош директори, профессор Турсунов Нодиржон Ботирович хабар берди.

Релиф Ультра

Қўллаш учун кўрсатмалар: геморройга қарши восита.

«Релиф Ультра» таркибидаги гидрокортизон глюкокортикоидлар синфи вакили сифатида спортда қўлланилиши тақиқланган моддалар рўйхатига киритилган.

Глюкокортикоидлар – буйракусти безларининг гармони бўлиб, айрим ҳолларда тана вазни ва куч кўрсаткичларини ошириш учун қўлланилади. Аммо Бутунжаҳон антидопинг агентлиги экспертларини бу хусусияти эмас, балки глюкокортикоидларни қўллашдан кейинги ножўя таъсирлари, улар ичида ортиқча вазн йиғиш ва қандли диабет муаммоси кўпроқ ташвишга солиб келмоқда.

Ринофлуимуцил

Қўллаш учун кўрсатмалар: шамоллаш ва унинг асоратлари – гайморит ва синуситларга қарши энг оммабоп дори воситаларидан бири.

Балғамни тезда юмшатиб, яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади ва шиллиқ қаватларининг шишини бартараф этади. «Ринофлуимуцил» таркибида туаминогептан моддаси мавжуд бўлиб, мазкур модда тақиқланган рўйхатга 2009 йилдан бери киритилган.

Бутунжаҳон антидопинг агентлиги туаминогептанни стимуляторлар синфига киритган бўлиб, ундан меъёрдан ташқари кўп фойдаланиш юрак-қон томир тизими учун хавфли бўлиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантиради.

2010 йилда россиялик хоккейчи Светлана Терентьева, 2013 йилда франциялик баскетболчи Жозеф Гомис ва 2018 йилда белоруслик велопойгачи Татьяна Шараковаларнинг допинг тестларида мазкур модда аниқланганлиги сабабли улар мусобақалардан 18 ойга четлаштирилган эди.

Адельфан-Эзидрекс

Қўллаш учун кўрсатмалар: Мазкур дори воситаси гипертония – артериал босимнинг қатъий кўтарилишида, айниқса хасталикнинг аниқ сабабларини топиш имкони бўлмаганида буюрилади.

Адельфан-Эзидрекс таркибидаги гидрохлоротиазид диуретик – сийдик ҳайдовчи модда ҳисобланади. Бу модда тўқималардаги суюқлик миқдорини камайтиришга кўмаклашади. Айрим ҳолларда ундан бошқа мақсадларда – вазнни камайтириш учун фойдаланиш мумкин. Бунда у танадан натрий, калий ва хлорни чиқариб ташлаб, узоқ муддат фойдаланганда организмдаги кислота-ишқор мувозанатини бузилишига олиб келиши мумкин. Препаратнинг мазкур таъсири мавжудлиги боис, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги уни спортда қўллашни тақиқлашга етарли асос деб ҳисоблайди.

Фенотропил

Қўллаш учун кўрсатмалар: Ноотроп восита. Марказий асаб тизими касалликларини, айниқса мия тўқималарида модда алмашинуви жараёнлари бузилишини даволашда кенг қўлланилади. Бундан ташқари, Фенотропил хотирани яхшилаб, диққатни кучайтиради.

Фенотропилга, аниқроғи унинг асосий моддаси – фонтурацетамга (у карфедон номи остида кўпроқ тилга олинади) қизиқиш WADA мутахассисларида анчадан бери мавжуд эди. Мазкур модда ҳаракат реакциялари ва жисмоний ишчанликни оширишга нисбатан юқори қўзғатувчи таъсир кўрсатиши исботланган. Ушбу модданинг истеъмол қилиниши билан боғлиқ энг шов-шувли воқеа 2006 йилги қишки Олимпия ўйинлари давомида содир бўлган. Унда стимуляторнинг парчалари россиялик биатлончи Ольга Пылеванинг допинг-тестида аниқланган. Натижада спортчи олимпия кумуш медалидан маҳрум бўлиб, 2 йилга дисквалификация қилинган. Спортчига фенотропил берган жамоа шифокори эса 4 йилга ишдан четлаштирилган.

Кеналог

Қўллаш учун кўрсатмалар: таблетка шаклида Кеналог астма ёки бронхитни даволашда буюрилиши мумкин. Кеналог инъекциялари бўғимларнинг яллиғли касалликларида қўлланилади.

Дори-дармон таркибидаги асосий модда – триамцинолон – глюкокортикоидлар синфига мансуб. Бу вазиятда шифокор қўллаш усулларидан қай бирини танлаши ўта муҳимдир. Чунки бу моддаларни оғиз, томир, мушак орқали юбориш спортда қатъий тақиқланган. Бир вақтнинг ўзида уларни бурун орқали, бўғим ичи ва атрофи ҳамда маҳаллий услубларда қўллаш мумкин.

Зенхейл

Қўллаш учун кўрсатмалар: бронхиал астмани даволашда қўлланилади.

«Зенхейл» – мураккаб таркибли препарат. Унинг таркибига ВАДА рўйхатидан жой олган бир нечта моддалар киради. Масалан: мометазон фуроат – глюкокортикоидлар синфига ва формотерол – бета-2 агонистлар синфига мансуб моддалар. Шуни ҳисобга олиб, ВАДА томонидан «Зенхейл»нинг суткалик дозаси 10 тагача пуркаш билан чегараланган. Допинг-назорати баёнида «Зенхейл» қачон ва қандай дозада қўлланилгани доим кўрсатилиши зарур. Бу каби қоида ва чекловлар астмага қарши ва аксарият бронх-ўпка хасталикларини даволашда буюриладиган барча дори-дармонларга тегишли.

Диакарб

Қўллаш учун кўрсатмалар: Пешоб (сийдик) ҳайдовчи восита.

Турли шишлар ҳамда ўткир «тепалик» касаллигининг оқибатларида қўл келади. Бундан ташқари, глаукоманинг ўткир хуружларини даволашда фойдаланилади. Кучли сийдик ҳайдовчи хусусияти сабабли организмдан тақиқланган моддаларни тезроқ чиқариб ташлаш учун истеъмол қилинади. Бу ва бунга ўхшаш препаратлар учун WADA тақиқланган рўйхатида алоҳида моддалар синфи мавжуд – яширувчи агентлар.

Триметазидин

Қўллаш учун кўрсатмалар: Стенокардия ва бош айланишда фойдаланилади.

WADA тақиқланган рўйхатининг гармонлар ва метаболизм модуляторлари синфидан 2014 йилдан бери жой олган. Бу моддалар спортда мутлақо тақиқланган. «Триметазидин»нинг аналоглари кўп, улардан кенг тарқалганлари – «Антистен Тридуктан МВ», «Депренорм», «Карметадин Тримектал», «Кардитрим Тримед» ва «Предуктал».

Реамберин

Қўллаш учун кўрсатмалар: Организмда кислота-ишқор мувозанати ва қондаги газ таркибини меъёрлаштиради, токсинлар ва метаболизм маҳсулотларини чиқиб кетишини таъминлайди.

Препаратнинг ўзи спортда тақиқланмаган, аммо уни қўллаш усули – томир орқали юборилиши тақиқланган. Антидопинг қоидаларига биноан, дори воситаларини томир орқали 100 мл дан ошмаган ҳажмда ва инъекциялар орасидаги вақт камида 12 соатни ташкил этган ҳолда юбориш мумкин. Реамбериннинг бир суткалик дозаси эса 800 мл га тенг.

Азиз спортчилар, огоҳ бўлинг! Допингдан сақланинг!