Ҳозирда бокс ва таэквондо бўйича терма жамоамиз вакиллари Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида жойлашган «Янгиобод» спорт базасида янги мавсумга тайёргарликни олиб боришмоқда. Спортчиларимизнинг машғулотини кузатиш, улар билан суҳбатлашиш ва базадаги имкониятлар билан яқиндан танишиш учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти «Янгиобод»га ташриф буюрди. Таъкидлаш жоиз, ушбу ташриф бир-биридан қизиқарли учрашувларга уланиб кетди.
Хабар берганимиздек, бугун бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов 67 ёшни қарши олмоқда. Бугунги учрашувнинг аввалида расмийларимиз тажрибали мураббийимизни табриклаб, ўзларининг илиқ тилакларини йўллаб қолишди.
Шундан сўнг Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги ҳар икки ташкилот раҳбарияти, боксчи ва мураббийларимиз иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Очиқ мулоқот давомида расмийлар боксчиларимиз билан яқиндан суҳбатлашиб, уларнинг оилаларидаги ижтимоий вазият, саломатликлари ва режалари ҳақида атрофлича гаплашишди.
“Қадрли спортчиларимиз, Сизларни ҳукуматимиз ва халқимиз қўллаб турибди. Сизларда ўз номингиз, туманингиз ва Ватанимиз номини машҳур қилиш учун ажойиб имкон бор. Ўзбек бокси жаҳонда тенгсиз эканини исботлаб бергансиз. Энди буни яна бир карра кўрсатиб беришингиз лозим. Бунинг учун биз Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
Учрашув сўнгида Марат Қурбоновга Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон бокс федерациясининг қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим қилинди.
Шундан сўнг мутасаддилар таэквондо ва бокс бўйича аёллар терма жамоамиз билан ҳам учрашишди.
Таъкидлаш жоиз, «Янгиобод» базасида ҳамюртларимиз ёлғиз эмас. У ерда бокс бўйича Иордания эркаклар ва Қозоғистон аёллар терма жамоаси, таэквондо бўйича Украина термаси вакиллари ҳам қатнашмоқда. МОҚ раҳбарияти билан учрашувда иорданиялик меҳмонлар юртимизда боксчиларимиз билан йиғин ўтказишаётганидан мамнун эканликларини эьтироф этишди.
Кун давомидаги қизиқарли воқеликлардан бири мини-футбол бўйича ўртоқлик учрашуви бўлди. “Соғлом турмуш тарзи тарғиботини ўзимиздан бошлаймиз” шиори остида ўтган баҳсда МОҚ ҳамда Вазирлик мутасаддилари Ўзбекистон бокс федерацияси вакилларига қарши баҳс олиб боришди. Кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган ўйин Қўмита ва Вазирлик жамоасининг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Тадбир якунида барча иштирокчилар бир дастурхон устида жам бўлишди ва спортчиларимиз ҳаққига Қуръони каримдан оятлар ўқилиб, уларнинг ғалабаси учун дуо қилинди.