Skip to main content
Yangiliklar

Ўзбекистонлик таэквондочилар ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинларида

By 16.01.2021No Comments

2010 йилдан буён ўсмирлар ўртасидаги ёзги Олимпия ўйинлари ўтказиб келинмоқда.

2010 йил Сингапурда ўтган дастлабки мусобақада ўзбекистонлик таэквондочи Абубакир Расулов иштирок этган. -48кг вазн тоифасида ҳамюртимиз чорак финалда эронлик рақибига имкониятни бой бериб қўйган. Якунда унинг рақиби Олимпиадада кумуш медални қўлга киритган эди.

Тўрт йил ўтгач ўсмирлар ўртасидаги Олимпиадага Хитойнинг Нанжинг шаҳри мезбонлик қилганди. Унда ўзбекистонлик таэквондочи Умида Абдуллаева иштирок этганди. +63кг вазн тоифасида ҳамюртимиз чорак финалда свазилендлик рақибасини 17:3 ҳисобида мағлуб этади. Ярим финалда эса хитойлик таэквондочи таслим этилади – 1:0. Финалда америкалик таэквондочига қарши даянга чиққан Умида Абдуллаева аламли тарзда мағлубиятга учрайди ва ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари кумуш медалини қўлга киритади.

2018 йилги ўсмирлар ўртасидаги Олимпиада Аргентинанинг пойтахти Буэнос Айрес шаҳрида ўтказилган. Бу сафар ҳам Ўзбекистондан бир нафар таэквондочи ушбу мусобақада қатнашган. Улуғбек Рашитов -48кг вазн тоифасида мусобақани чорак финалда мўғулистонлик спортчини 44:3 ҳисобида мағлуб этиш билан бошлайди. Ярим финалда эса кореялик Им Сеонг Бин 21:10 ҳисобида таслим этилади. Кетма-кет иккинчи мусобақада ўзбекистонлик таэквондочи финалга чиқади. Ҳал қилувчи баҳсда Улуғбек россиялик рақибига кичик ҳисобда ютқазиб қўяди ва ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинлари кумуш медалини қўлга киритади.

 

 

 

Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати