Skip to main content
Yangiliklar

Ўзбек спортчилари номини биргаликда машҳур қиламиз

By 14.01.2021No Comments

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини янада тарғиб қилиш, ёшларимизни спортга кенг жалб қилишга муҳтарам Президентимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Буни юртбошимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаларида соҳани ривожлантиришга оид берган топшириқлари, айниқса, 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номланишидан билиб олиш қийин эмас. Айни дамда Президентимиз белгилаб берган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Улар орасида, замонавий тил билан айтганда, спортчиларимизни PR қилиш ҳозирги даврнинг муҳим талабларидан бири бўлиб турибди. Ижтимоий тармоқ ва интернет, турли кўрсатув ва рекламалар орқали спортчиларимизни янада машҳур қилиш, улар тимсолида бугунги кун қаҳрамонларини яратиш ёшларимизни спортга жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади. Бугун Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов мазкур масалаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва ушбу соҳада улкан тажрибага эга бўлган бир қатор соҳа мутахассислар иштирок этишди.

Соғлом турмуш тарзи тарғиботини спортимиз юлдузлари мисолида олиб боришимиз керак. Атлетларимиз ёшларни спортга жалб қилишимизда намуна кўрсатишса, иккинчи томондан уларнинг ўзларини машҳур қилишимиз керак. Нега ўзбекистонлик баъзи ёшлар Роналду ва Мессини яхши билишадию, аммо ўзимизнинг Оксана Чусовитина, Муроджон Аҳмадалиев, Баҳодир Жалолов каби спортчиларимизни танишмайди. Ахир улар жаҳон чемпионлари, Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари ҳисобланишади. Биз уларни намуна сифатида кўрсатиб, шу орқали соғлом турмуш тарзини янада оммалаштиришимиз мумкин”, – деди МОҚ раҳбари.

Тадбир давомида ёшлар учун нафақат спорт мусобақаларини ўтказиш, балки ҳудудларда спортга оид флешмоблар, оммавий тадбир ва челленжлар ташкил қилиш каби фикрлар устида атрофлича муҳокамалар олиб борилди.