Skip to main content
Yangiliklar

Тошкент «Катта дубулға» турнирига тайёргарлик бошланди

By 13.01.2021No Comments

Хабар берганимиздек, 5-7 март кунлари пойтахтимиз дзюдо бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи йирик мусобақага мезбонлик қилади. Илк бор ўтказилаётган ушбу турнир Токио Олимпиадаси учун катта рейтинг очколарини тақдим қилиши билан ҳам аҳамиятли. Бугун Миллий олимпия қўмитасида ушбу мусобақага тайёргарлик бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Учрашувни МОҚ раиси девони раҳбари Мирагзам Мираҳмедов ва МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов олиб боришди. Унда, шунингдек, Миллий олимпия қўмитаси, МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ва Ўзбекистон дзюдо федерацияси мутасаддилари ҳам иштирок этишди.

Мусобақанинг нуфузи баланд бўлгани боис унга дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакат вакилларидан 1000 нафарга яқин меҳмон келиши кутилмоқда. Табиийки, эпидемиологик даврда барча меҳмонларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш катта масъулият талаб этилади. Шу боис ушбу йиғилишда пойтахтимизга ташриф буюрадиган меҳмонлар учун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида талаб этиладиган COVID-19 тестини топшириш, транспорт-логистика масалалари, меҳмонхоналарга жойлаштириш учун барча қулайликларни яратиш каби мавзулар кун тартибининг асосий масалалари бўлди.

Йиғилиш давомида мазкур мусобақани кўтаринки руҳда ва юқори савияда ўтказиш борасида Жисмоний тарбия ва спорт, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, пойтахт ҳокимлиги, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти каби ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли режаларни ишлаб чиқиш, ҳар бир вакил ўз йўналишига масъулият билан ёндашган ҳолда ишлаши бўйича келишиб олинди.

Айтиб ўтганимиздек, Тошкент илк бор бундай нуфузли мусобақани ўзида қабул қилади. Мусобақа ғолиби эса Токио Олимпиадаси рейтинги учун 1000 очкони ўз ҳисобига ёзиб олиш имконига ҳам эга. Бу эса 2022 йил ўтиши режалаштирилган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик учун ўзига хос синов бўлади. Йиғилишда мусобақани юқори савияда ўтказиш орқали Янги Ўзбекистоннинг имкониятларини бутун жаҳонга намойиш қилиш, бунинг учун барча мутасаддиларга бор куч-ғайратларини сафарбар этиш бўйича топшириқ берилди.