Yangiliklar

Республика Олимпия захиралари мактаб интернати замонавий қиёфа очмоқда

By 15.01.2021 No Comments

Пойтахтимиздаги Республика Олимпия захиралари мактаб интернатининг ўзбек спортида тутган ўрни бениҳоя катта. Ушбу даргоҳ терма жамоаларимиз учун энг иқтидорли спортчиларни етиштириб берадиган маскандир. Бироқ тан олиш керакки, сўнгги йилларда унинг имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмаяпмиз. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов ушбу даргоҳга ташриф буюриб, унинг ҳозирги ҳолати билан танишишди. МОҚ мутасаддиларини РОЗМИ директори Фарруҳ Мирбобоев қарши олди.

Ҳозирда РОЗМИнинг катта қисмида қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Аввалги спорт заллари юртимизда коронавирус эпидемияси кучайган пайтда шифохоналарга айлантирилган эди. Ҳозир эса уларнинг ўрнида замонавий талабларга жавоб берадиган даражада реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Фарруҳ Мирбобоев ҳудудда олиб борилаётган ишлар билан МОҚ раҳбариятини яқиндан таништирди. Ўз навбатида Рустам Шоабдураҳмонов мазкур мактаб интернатининг келажакдаги фаолияти ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Бу даргоҳ ўзбек спортида катта аҳамиятга эга. Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ҳозирда катта ҳажмда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Янги ўқув йилидан мактаб интернатига қабул жараёни ва ўқитиш тизимини Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишган ҳолда янгича услубда йўлга қўямиз. Муҳтарам Президентимиз илгари сураётган инновацион ғоялар ва замонавий спорт методикалари билан профессионал спортчиларни тайёрлаш ва ўқитиш масаласига жиддий эътибор қаратамиз”, – деди МОҚ раиси.

 

Ташриф давомида ҳудуднинг ҳар бир майдонидан унумли фойдаланиш, замонавий спорт методикаларини ўқитиш тизимига кенг татбиқ этиш, ўқитувчи ва мураббийлар малакасини ошириш каби масалалар бўйича атрофлича фикр алмашилди. МОҚ раиси спортчилар учун ажратилган ётоқхоналар, ўқув хоналари билан яқиндан танишиб, мутатсаддиларга қўшимча кўрсатмалар бериб ўтди.