Skip to main content
Yangiliklar

Олимпиада ва таэквондо

By 18.01.2021No Comments

Ҳар бир мамлакат ўз миллий спорт турини Олимпия ўйинларидан жой олишини истайди ва бу йўлда тинимсиз изланади.

Таэквондо бўйича 1988 Сеул ва 1992 йили Барселона мезбонлик қилган тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида кўргазмали чиқишлар қилинган. Шундан сўнг 2000 йили Сиднейда ўтказилган Олимпиадада илк маротаба бу тур бўйича ҳам медаллар жамланмаси ўз эгалларига топширилган.

Одатда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турларида эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳам мусобақаларда иштирок этишлари белгилаб қўйилган. Шундай қилиб таэквондо бўйича дастурга кўра эркаклар 58, 68, 80 ва +80 вазн тоифаларида, аёллар эса 49, 57, 67 ва +67 вазн тоифаларида яъни 8 та медаллар жамланмаси учун ғолиблик учун баҳсларга киришади.

Юртимиз таэквондочилари 2004-Афина, 2008-Пекин, 2012-Лондон, 2016-Рио-де-Жанейрода ўтган олимпиада ўйинларида иштирок этган.

АФИНА-2004
Ўзбекистон таэквондочилари илк бор 2004 йил Афинада ўтган Олимпиадада иштирок этишган. Ўша йил -57кг вазн тоифасида Ирина Кайдашова чорак финалда, +67кг вазн тоифасида Наталия Микрюкова эса нимчорак финалда мағлуб бўлган эди.

ПЕКИН-2008
Хитойда ўтган Олимпия ўйинларида уч нафар таэквондочимиз қатнашишган. +67 кг вазн тоифасида Евгения Каримова нимчорак финалда тўхтаган бўлса, -68кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Дмитрий Ким чорак финалга қадар етиб борган. +80кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Акмал Эргашев бронза медали учун баҳсда нигериялик рақибига аламли тарзда мағлуб бўлганди.

ЛОНДОН-2012
Буюк Британиядаги мусобақада ҳам уч нафар таэквондочимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилган. -68кг вазн тоифасида Дмитрий Ким ва +80кг вазн тоифасида Акмал Эргашев нимчорак финалда тўхташган. +67кг вазн тоифасида Наталия Маматова бронза медалига жанг қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ўтиш баҳсида кореялик спортчига ютқазиб қўйганди.

РИО-ДЕ-ЖАНЕЙРО-2016
Бразилиядаги Олимпиадага ҳам Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси уч спортчи билан борган. -80кг вазн тоифасида Никита Рафалович нимчорак финалда, -67кг вазн тоифасида Нигора Турсунқулова эса чорак финалда тўхташган. +80кг вазн тоифасида Дмитрий Шокин ярим финалга қадар етиб бориб мағлуб бўлган. Бронза медали учун жангда кореялик таэквондочига аламли тарзда имкониятни бой бериб қўйган.

Медаллар жамланмаси бўйича 2000-2016 йиллар давомида ушбу спорт тури ватани ҳисобланмиш Жанубий Корея терма жамоаси 12 та олтин, 2 та кумуш ва 5 бронза медалларини қўлга киритган ҳолда жадвалнинг биринчи поғонасини банд этган. Иккинчи поғонада 7 олтин, 1 та кумуш ва 2 бронза медалларига эга чиққан Хитой жамоаси, кучли учликни эса 2 та олтин,2 та кумуш ва 5 та бронза медалига муносиб кўрилган АҚШлик таэквондочилар эгаллаб туришибди.

🥋🇺🇿 Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати