Skip to main content
Yangiliklar

Мураббийларимиз учун россиялик профессор иштирокида илмий семинар ўтказилди

By 29.01.2021No Comments

Юқори спорт натижаларига эришишда, шубҳасиз, халқаро тажрибаларни методик жиҳатдан ўрганиш катта аҳамият касб этади. Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида педагогика фанлари доктори, россиялик профессор Виктор Шиян иштирокида “Юқори малакали спортчиларни тайёрлашда илмий-методик таъминлашнинг ташкилий хусусиятлари” мавзусида илмий семинар ташкил қилинди. Унда МОҚ раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматов, ЎзДЖТСУ ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти директори Рашид Маткаримов, ЎзДЖТСУ профессори Фикрат Керимов, шунингдек, терма жамоаларимизда фаолият олиб бораётган мураббийлар иштирок этишди. Тадбирни Шерзод Ташматов очиб берди ва ташкил қилинаётган бундай семинар учун россиялик мутахассисга МОҚ номидан миннатдорчилик билдириб ўтди.

Спортчиларни йирик мусобақаларга тайёрлашда бу каби тадбирлар катта аҳамиятга эга. Спорт илм-фани жаҳонда ривожланиб борар экан, юртимизда ҳам бу борада қатор истиқболли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг учун Президентимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Спорт тизимидаги барча йўналишларни ривожлантириш ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистонлик мураббий ва олимлар тажриба алмашиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва мунтазам ўз устида ишлаб, малакасини ошириб боришга доимо тайёр. Биз бундай ҳамкорликдан мамнунмиз”, – деди Шерзод Ташматов.

Шундан сўнг Виктор Шиян маърузасини бошлади ва йиллар давомида тўплаган тажрибалари билан ўртоқлашди.

Собиқ иттифоқ даврида терма жамоамиз ҳам қишки, ҳам ёзги Олимпия ўйинларида доимо юқори натижаларни қайд этиб келишган. Бунинг сабаби эса ўша даврда спорт илм-фанига жуда катта эътибор қаратилган. Ҳозир кўплаб спорт турларида терма жамоалардаги мураббийларнинг илмий даражаси паслигини кўриш мумкин. Спорт турларининг йўналишидан келиб чиққан ҳолда методик ёндашиш лозим. Бир методика барча спорт турларига мос келмайди”, – деди Виктор Шиян.

Семинар давомида россиялик мутахассис спортчиларга ўз вақтида тўғри юклама ва ҳордиқ бериш, уларнинг тикланиш жараёнини йўлга қўйиш, шунингдек, техник ҳаракатларни ривожлантириш бўйича видеослайдлар ёрдамида қимматли маълумотлар бериб ўтди. Тадбир якунида мураббийларимиз мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилиб, қимматли маълумотларга эга бўлишди. Ўз навбатида, Азизжон Камилов россиялик меҳмонга МОҚнинг эсдалик совғаларини топширди.