Yangiliklar

Искандер Шадиев Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси раиси этиб сайланди

By 15.01.2021 No Comments

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, МОҚ ва қишки спорт турлари ассоциацияси мутасаддилари иштирок этишди.

Йиғилишни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди. Ойбек Омилович даставвал кун тартибига қўйилган масалаларни конференция делегатларига ўқиб эшиттирди. Унга кўра, Ассоциациянинг аввалги раҳбарияти ўз хоҳишига кўра тақдим қилган лавозимидан озод этилиш ҳақидаги аризасини кўриб чиқиш, ташкилотга янги раис ва унинг ўринбосарларини сайлаш, Ижроқўм аъзоларини шакллантириб олиш кун тартибидан ўрин олган асосий масалалар эди.

Конференцияни Рустам Шоабдураҳмонов очиб берди.

Олдимизда масъулиятли йил кутиб турибди. Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига катта тайёргарлик кўрмоқдамиз. Ниятимиз – Токио Олимпиадаси белгиланган муддатда ўтказилиб, унда спортчиларимиз ўз ғалабалари билан халқимиз ва Президентимизни хурсанд қилишсин. Очиғини айтганда, қишки спорт турларида сўнгги йилларда эътироф этишга арзигулик натижаларга эриша олмадик. Президентимиз ташаббуслари билан Тошкент вилоятида “Амирсой” йирик тоғ-чанғи комплекси, пойтахтимизда “Ҳумо арена” кўптармоқли муз саройи фойдаланишга топширилди. Ишонамизки, бундай бунёдкорлик ишлари қишки спорт турларининг ривожланишига улкан туртки бўлади”, – деди МОҚ раиси.

Йиғилиш давомида Ойбек Касимов шу пайтгача Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси раиси лавозимида ишлаб келган Ҳаким Раҳимович Тўлагановнинг хизматлари учун спорт жамоатчилиги номидан ташаккур билдирди. Ўз навбатида, конференция делегатлари Ҳаким Тўлагановнинг ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод қилиш ҳақидаги аризасини бир овоздан қаноатлантиришди. Шундан сўнг унинг ўрнига МОҚ раиси маслаҳатчиси, Ўзбекистон хоккей федерацияси раиси ўринбосари Искандер Касимович Шадиев номзоди таклиф этилди. Номзод йиғилиш иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди ва Искандер Шадиев Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциацияси раиси этиб сайланди.

Барчага мени қўллаб-қувватлашгани ва ишонч билдиришгани учун ташаккур айтиб қоламан. Келажакда муҳтарам Президентимизнинг ишончларини оқлашга, юртимизда қишки спорт турлари ривожини янги босқичга олиб чиқишга ваъда берамиз. Бу йўлда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда бир жамоа бўлиб ишлаймиз”, – деди Искандер Шадиев.

Шундан сўнг МОҚ раиси ўринбосари Сакен Полатов, Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси вазифасини бажарувчи Руслан Мустаев, Ўзбекистон хоккей федерациясининг Ижрочи директори Элбек Маҳмудов ва бошқа бир қатор мутахассислар Искандар Шадиев ҳақида ўзларининг илиқ фикрларини билдириб ўтишди.

Йиғилиш давомида МОҚ раиси маслаҳатчиси Шерзод Асатуллаев ва “Амирсой” тоғ-чанғи комплекси директорлар кенгаши раиси Равшан Убайдуллаев Ассоциация раиси ўринбосарлари сифатида сайланган бўлсалар, бунгача фаолият олиб борган Евгений Рохин ушбу лавозимга қайта сайланди. Шунингдек, келгуси ҳисобот-сайлов конференциясигача Шерзод Асатуллаев Ассоциация Бош котиби вазифасини бажарувчи сифатида фаолият олиб борадиган бўлди. Шунинг билан, Ўзбекистон қишки спорт турлари ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.