Skip to main content
Yangiliklar

Ишчи гуруҳнинг Фарғона водийсига ташрифи давом этмоқда

By 21.01.2021No Comments

Айни пайтда Наманганда вилоятнинг спорт инфратузилмаси ва салоҳияти, унинг имкониятлари билан яқиндан танишаётган ишчи гуруҳ вакиллари ўрганишларни давом эттирмоқда.

Ташриф давомида Вазирлар Маҳкамаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ наманганлик ёш спортчи ва мураббийлар билан учрашишди. Наманган Олимпия захиралари мактаб интернатида ўтган учрашувда муаммо ва камчиликлар эшитилди, иштирокчилар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда, айниқса, велоспорт, баскетбол, юнон-рум кураши, каратэ, эшкак эшиш каби спорт турларида мутахассислар билан алоҳида суҳбатлашилди.

Вазирлар Маҳкамасининг Спорт ва туризмни ривожлантириш масалалари котибияти Бош мутахассиси, ишчи гуруҳ раҳбари Р.Талипов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Р. Ирматов, МОҚ Бош котиби О.Касимовдан иборат гуруҳ ташриф давомида Косонсой, Янгиқўрғон, Уйчи туманларига ташриф буюриб, ҳудудлардаги спорт объектлари, уларнинг ёшларни қабул қила олиш имкониятлари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, мутасаддилар Наманган футбол академияси, яккакураш, теннис ва гимнастика спорт турларига ихтисослашган спорт мактабларига ташриф буюриб, у ерда яратилган шароитлар билан танишиш қатори спортчилар билан суҳбатлашишди. Мазкур мактаблар раҳбарлари билан учрашувда эса соҳадаги муаммолар ўрганилди.

Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси билан Токио-2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик доирасида олиб борилган ишлар, Париж-2024 Олимпиадасига қўйилган режалар, ёш спортчиларни саралаш йўлида олиб борилаётган селекция сиёсати ҳақида мулоҳаза юритиб, керакли тавсия ва кўрсатмалар берилди.