Skip to main content
Yangiliklar

Етти ташкилот ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

By 09.01.2021No Comments

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида муҳтарам Президентимиз томонидан Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, юртимизда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар сонини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон енгил атлетика ва триатлон федерациялари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унда ушбу ташкилотларнинг раҳбарияти, спорт жамоатчилиги вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Бўлажак меморандум 5 йил муддатга мўлжалланган бўлиб, халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда томонларнинг шахсий таркибини спортга кенг жалб қилиш, уларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитларни тайёрлаш, терма жамоаларимиз захираси учун иқтидорли спортчиларни саралаб олиш каби мақсадларни ўзида мужассамлаштирган.

Тадбир давомида меморандумнинг мазмун ва моҳияти, томонларнинг мажбурияти ҳақида тўхталиб ўтилди. Шундан сўнг томонлар ҳамкорлик меморандумига имзо чекишди.

Бу ташкилотлар доимо ҳамкорликда ишлаб келишган. Олдимизда бу йил Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинларидан ташқари Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари, Ислом бирдамлиги ўйинлари каби мусобақалар турибди. Ҳарбий соҳага алоқадор спортчиларимиз ҳам кўплаб топилади. Ушбу мусобақаларни санаб ўтишимнинг яна бир сабаби уларга ушбу ташкилотлар билан ҳамкорликда тайёрланиб, Ўзбекистон номини муносиб ҳимоя қилишдир. Қолаверса, бу орқали аҳолимизнинг барча бўғинларига спортнинг кириб боришини таъминашдир”, – деди МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов.

Ҳамкорлик меморандуми имзолангач иштирокчилар унинг спортимиз ўсиши учун не чоғлик аҳамиятли экани ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтишди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддилари сўзга чиқиб, ҳамкорликда ишлашдан мамнун эканликларини билдириб ўтишди.