Skip to main content
Yangiliklar

Бу қизиқ. Пекин-2008да таэквондочи битта жангда қатнашиб ютқазган ва якунда бронза медалига эга чиққан!

By 14.01.2021No Comments

2008 йил Пекинда ўтган ёзги олимпия ўйинларининг таэквондо баҳсларида қизиқ воқеа рўй берган.

+80кг вазн тоифасида қозоғистонлик Арман Чилманов дастлабки босқичда грециялик Александрос Николаидисга қарши даянга чиқиб 3:4 ҳисобида мағлуб бўлган. Грециялик таэквондочи финалга чиққани боис қозоғистонлик спортчида бронза медали учун имконият сақланиб қолади.

Дастлабки баҳсда Чилманов марокашлик Абдулқодир Зрурига қарши жанг қилиши керак эди. Аммо африкалик таэквондочи жароҳат олгани боис даянга чиқмайди ва Чилманов жангсиз бронза медали учун баҳсга йўл олади.

Бронза медали учун баҳсда қозоғистонлик таэквондочи кубалик Анхель Матос билан тўқнаш келади. Учинчи раунд охирида кубалик спортчи 3:2 ҳисобида олдинда эди, шу вақтда Матос оёғи билан зарба бераётганда Чилманов рақибига тиззаси билан блок қўяди. Матоснинг бармоғи синади ва қоидага кўра ҳакам 1 дақиқалик тиббий ёрдам кўрсатиш учун имконият яратиб беради. Кубалик таэквондочи 60 сония ичида жароҳатини боғлаб даянга чиқишга улгурмайди ва ҳакамлар унга техник мағлубият ёзишади. Бунга чидай олмаган Анхель Матос швециялик бош ҳакам Чақир Челбат билан баҳслашади ва унинг юзига оёғи зарба беради. Шу воқеадан сўнг Анхель Матос бутун умрга таэквондодан четлатилган.

Шундай қилиб Арман Чилманов Пекиндаги Олимпиадада битта баҳсда мағлуб бўлган, битта жангда рақиби жароҳат олгани боис муддатдан аввал ғолиб чиққан, сўнгги баҳсда рақиби дисквалификация қилингани сабабли якунда бронза медалига эга чиққан!

Спортда омад ҳам жуда катта аҳамият касб этади!

🥋🇺🇿 Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати