Skip to main content
Yangiliklar

Азиз Абдуҳакимов “Атлетико Мадрид” футбол клуби раҳбарияти билан учрашди

By 25.01.2021No Comments

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Мадрид шаҳрига қилган хизмат сафари давомида “Атлетико Мадрид” футбол клуби раҳбарияти ва мутасаддилари билан учрашиб, ҳамкорликка доир музокаралар олиб борди.

Делегациямиз аъзолари жаҳонга машҳур футбол клуби вакилларига Ўзбекистон Президенти томонидан 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилгани, мамлакатимизда аҳолини спортга кенг жалб қилиш йўлида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда футболга стратегик спорт турларидан бири сифатида эътибор қаратилиши ҳақида батафсил маълумот беришди.

Мадрид клуби вакиллари ўз ўрнида хорижда очилган академиялари фаолияти, Ўзбекистон туризм салоҳиятини дунё бўйлаб футбол ишқибозларига танитишдаги маркетинг имкониятлари ҳақида батафсил тақдимот ўтказишди. “Атлетико Мадрид” футбол клуби вице-президенти Иньиго Азнар ушбу ҳамкорлик катта натижалар олиб келишини таъкидлаб, буюк тарихга эга юрт ёшларидан мамлакатни дунёга танитадиган спортчилар етишиб чиқишига ишонч билдирди.

Учрашув якунига кўра, “Атлетико Мадрид” клуби вакиллари Ўзбекистонда футбол академиясини ташкил этиш ва клуб имкониятларидан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти тарғиботида ҳамкорлик қилишни таклиф қилди. Клуб раҳбарияти тез орада Ўзбекистон томонига тижорий таклиф юборишини, томонлар ўзаро келишувга эришган тақдирда, клуб мутасаддилари Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди.

Маълумот учун: «Атлетико Мадрид» клуби Испания Ла Лигасида (Олий лигасида) тўп сурувчи, Мадрид шаҳрида жойлашган профессионал футбол клуби бўлиб, Европа грандлари қаторига киради. Клуб уйдаги ўйинларини 68 456 ўринли “Ванда Метрополитано” стадионида ўтказади. Дунёнинг энг совриндор клубларидан бири ҳисобланган “Атлетико Мадрид”нинг ижтимоий тармоқларда юз миллиондан ортиқ кузатувчиси мавжуд. Жамоа ҳозирда Испания чемпионатида яққол пешқадам бўлиб турибди.