Skip to main content
Yangiliklar

2021 йил юртимизда ўтадиган халқаро мусобақаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

By 15.01.2021No Comments

Президентимизнинг Парламент ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномалари ва “Ёшлар форуми»даги нутқларида 2021-йилда юртимизда камида 20 та халқаро мусобақалар ўтказиш ва шу орқали Янги Ўзбекистоннинг салоҳиятини бутун дунёга намойиш этиш, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди. Бугун Миллий олимпия қўмитасида айнан мана шу йўналишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирни МОҚ раиси матбуот-котиби, ахборот-сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Зафар Имомхўжаев олиб борди. Унда мавзулар бўйича спикерлар МОҚ Халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев ва Олимпия спорт турлари фаолиятини координация қилиш департаменти директори Бегзод Ибрагимов, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Ўзбекистонда 2021 йил ўтиши кутилаётган халқаро мусобақалар, Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик, “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида ўтказилаётган Республика оммавий мусобақалари анжуман кун тартибидаги асосий мавзулари бўлди. Дастлаб Камолиддин Эргашев юртимизда ўтилиши кутилаётган халқаро мусобақалар ҳақида маълумот берди.

“Бу йил юртимизда турли ёш тоифалари учун 50 дан ортиқ халқаро мусобақалар ўтказилиши режалаштирилган. Улар орасида тахминан 20 тасининг нуфузи анча юқори бўлиб, мазкур мусобақалар доирасида Халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам ташриф буюриши кутилмоқда. Шубҳасиз, мусобақалардан ташқари Халқаро спорт федерациялари раҳбариятини мамлакатимизга таклиф қилиш бўйича музокаралар олиб борамиз. Бу ўша спорт тури ривожини юртимизда янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим аҳамиятга эга”, – деди К.Эргашев.

Шунингдек, Токио Олимпия ўйинларига тайёргарлик, “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида ўтказилаётган мусобақалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

“Давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига катта кўламда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда велоспорт, юнон-рум кураши, бадиий гимнастика, пара-енгил атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича терма жамоаларимиз чет элда ўқув-машғулот йиғинини олиб боришмоқда. Яна бир неча кун ичида бошқа спорт турларида ҳам жамоаларимиз хорижий йиғинларни бошлашади. Юртимизда соғлом турмуш тарзи ва спорт оммавийлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остидаги тадбир ҳам катта аҳамиятга эга. Бу орқали бутун Республикамиз бўйлаб спорт билан шуғулланадиганлар қамровини оширишни режа қилганмиз”, – деди Б.Ибрагимов.

Тадбир давомида мазкур мусобақаларни ёритиш, уларда мухлисларнинг иштироки, қолаверса, чет элда бўладиган мусобақаларда терма жамоаларимиз таркибига матбуот котибларини киритиш орқали унинг янада кенг ёритилишини таъминлаш каби мавзулар бўйича савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Маълумот учун, март ойидан Республикамиз бўйлаб йирик халқаро мусобақалар ўтказила бошлайди. Даставвал, дзюдо бўйича мамлакатимизда илк бор Токио Олимпиадасига лицензион очко берувчи Тошкент «Катта дубулға» турнири, профессионал боксчимиз Муроджон Аҳмадалиевнинг чемпионлик камарларини ҳимоя қилувчи жанглари, “III Наврўз халқаро марафони” шулар жумласидандир.