Skip to main content
Yangiliklar

Туман ва шаҳарларда ўтадиган мусобақалар бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади

By 11.12.2020No Comments

9 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолини оммавий спортга кенг жалб қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинган эди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистондаги ҳар бир туман ва шаҳар биттадан устувор, истиқболли ҳамда ривожланаётган спорт турларига ихтисослаштирилган. Мазкур тизимдан келиб чиқиб, ҳудудда йирик мусобақалар ўтказиб туриш ва салоҳиятли спортчиларни тарбиялаш муҳимлигига эътибор қаратилди. Бунинг учун Миллий олимпия қўмитаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда барча спорт федерациялари фаолиятини туман ва шаҳарларга боғлаган ҳолда ташкил этиб, жойларда олимпия ҳаракатини ривожлантириб боради.

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан МОҚ раиси Р.Шоабдураҳмонов қўмитанинг масъул ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Бугунги кунда Республика олий спорт маҳорати мактаблари ўқувчиларини жалб этган ҳолда вилоятларда ички мусобақалар сони ва сифатини ошириш, спортга иштиёқманд ёшларни танлаб олиш, уларнинг турнирларда иштирокини таъминлаш, шу орқали соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш муҳим масалалар сирасига киради. Қолаверса, мусобақаларга юртимиздаги мавжуд спорт мактаблари ва олимпия захиралари мактаб-интернатлари ўқувчиларини жалб этиш спорт турлари бўйича терма жамоаларимиз учун селекция ишларини самарали ташкил этиш имконини беради.

Йиғилиш давомида МОҚ раҳбари томонидан республикамиз туман ва шаҳарларида ташкил этиладиган мусобақалар механизми ва сони, жойлардаги мавжуд инфратузилмани ўрганиш ишлари, шунингдек, мусобақалар тақвимини шакллантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш борасида мутасаддиларга топшириқ ва вазифалар берилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан Қўмита Бош котиби О.Касимов, раис ўринбосарлари С.Полатов, А.Камилов, Ш.Ташматов, МОҚ қошидаги РСТИАМ директори, профессор А.Садиков ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.