Пойтахтимизда Ўзбекистон йога федерацияси бош офисининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Адлия, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари, шунингдек Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Тошкентдаги Ҳиндистон маданият маркази вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими, Ўзбекистон йога федерацияси раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Шипра Гош хоним, федерация раисининг биринчи ўринбосари Бобур Туҳфатов ва федерация мураббийлари кенгаши раиси Наталья Стрижнёва сўзга чиқдилар.
“Бугунги тақдимотимизда биз федерация янги бош офисининг очилиши билан бир қаторда коронавирус пандемияси туфайли бутун дунёда, жумладан, республикамизда амалга оширилган карантин тадбирлари сабабли фаолияти вақтинча тўхтаб қолиб, қайта ташкил этилган федерация ишини жаҳон, айниқса, дўстона Ҳиндистон мамлакати тажрибаларини қўллаган ҳолда ривожлантириш ҳамда йогани аҳолининг кенг қатлами орасида тарғиб этиш чора-тадбирларини кўриб чиқишни мақсад қилиб олганмиз”, – дея таъкидлади Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
«Давлатимиз раҳбари томонидан соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ғояси илгари сурилаётган бир пайтда йога бу борада энг яхши восита бўлишига ишончим комил. Федерация аҳолини ўзига кенг жалб этиб, унинг оммавийлигини таъминласа, уйда ўтирган ёшу кексалар йога билан шуғулланиб, саломатликларини янада тиклаган бўлар эдилар. Ушбу федерациянинг келгуси фаолиятига омад тилайман», деди МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов.
Бобур Туҳфатов тадбир иштирокчиларига йога федерациясининг мамлакатимизда ривожланиш стратегияси мавзусига бағишланган тақдимотни намойиш этди. Хусусан, у йога инструкторларини тайёрлаш бўйича миллий мактаб яратиш, федерациянинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги, йогани Ўзбекистон аҳолиси орасида кенг оммалаштириш масалалари ҳамда яқин истиқболдаги режалар ҳақида гапирди.
Ўзбекистон йога федерацияси 2018 йил 18 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган. Бугунги кунда йога студиялари Тошкент, Чирчиқ, Олмалиқ, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Нукус ва Фарғона шаҳарларида фаолият юритмоқда. Уларда малакали йога-инструкторлари ишлашяпти.
Қайта ташкил этилган федерация ўз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқди. Федерациянинг жорий йил 25 августда бўлиб ўтган навбатдан ташқари конференциясида янги таҳрирдаги ташкилот низоми тасдиқланди. Федерация рамзлари ўзгартирилди, ходимлар таркиби қайта кўриб чиқилиб, ишга юқори малакали мутахассислар жалб этилди. Янги концепция, мақсад ва вазифалар белгиланди. Шунингдек, «2020-2024 йилларда Йога федерациясини ривожлантириш дастури» тасдиқдан ўтказилди. Мазкур дастурда йога амалиётини тарғиб қилиш бўйича конференция ва тақдимотлар, мастер-класслар ўтказиш, халқаро йога ташкилотларига аъзолик, бутунжаҳон йога кунини (21 июнь) нишонлаш, инструкторлар мактабини ташкил этиш масалалари белгиланди.