Skip to main content
Yangiliklar

Шерзод Ташматов терма жамоа мураббийлар штаби билан лицензион мусобақага тайёргарлик режалари хусусида йиғилиш ўтказди

By 24.12.2020No Comments

2021 йилдан Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи лицензион мусобақалар бошлаб юборилади. Шубҳасиз, ушбу мусобақалар орасида таэквондочиларимиздан ҳам улкан натижалар кутмоқдамиз. Бугун МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов терма жамоа мураббийлар штаби билан мазкур мусобақага тайёргарлик режалари хусусида йиғилиш ўтказди.

Регламентга кўра, таэквондо бўйича Олимпия ўйинлари лицензиялари рейтинг ва минтақавий турнирлар орқали тақсимланади. 2019 йил якуни бўйича Никита Рафалович -80 кг вазн тоифасида Токио-2020 йўлланмасига эга бўлган. Олдинда биргина Осиё қитъаси учун йўлланма берувчи лицензион турнир қолди холос. Мусобақа регламенти бунда 3 нафар спортчимизни (1 нафар эркак ва 2 нафар аёл) турнирга қўйишга имкон беради. Терма жамоада эса рақобат жуда кучли. Деярли ҳар бир Олимпия вазн тоифаларида ушбу мусобақада иштирок этишга муносиб спортчиларимиз бор. Шу боис мураккаб танловни амалга ошириш учун ҳозирда етти эмас, етмиш марта ўлчаш керак бўлади.

Бугун мураббийлар штаби билан бўлиб ўтган учрашувда лицензион мусобақага тайёргарлик босқичлари, ўқув-машғулот йиғинларини тўғри ташкил қилиш каби масалалар кўриб чиқилди. Шунингдек, ҳар бир вазн тоифасидаги спортчиларимизнинг имкониятлари, бўлажак мусобақада уларга рақиблик қилиши кутилаётган спортчилар ва улар билан рақобатдаги тахминий имкониятлари чамалаб чиқилди.

Йиғилиш якунида таэквондочиларимизнинг спорт формасини доимий кузатиб бориш ва лицензион мусобақага ўша даврга келиб руҳий ва жисмоний жиҳатдан тайёр бўлган спортчигина танлаб олиниши таъкидланди. Маълумот учун, келаси йил ўтказиладиган лицензион мусобақада фақат финал йўлланмасини қўлга киритган таэквондочиларгина Токио-2020 йўлланмасига эга бўлишади.