Skip to main content
Yangiliklar

Пойтахтимизда спорт психологияси бўйича халқаро конференция ўтказилди

By 16.12.2020No Comments

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази томонидан Жисмоний тарбия ва спорт ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорлигида «Спорт психологияси: ғaлaбa сари тизимли ёндашув» номли халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари в.б. Ш.Ташматов, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори А.Садиков, спорт федерация ва ассоциациялари психологлари, илмий тадқиқотчилар иштирок этишди.

Конференция ишини Ш.Ташматов очиб берар экан, бугунги кунда спорт психологларига бўлган талабнинг юқорилиги, айнан улар спортчиларда ғалаба сари мотивация уйғота олиши, мағлубиятдан тикланишда уларнинг ўрни ҳақида сўз юритди.

Анжуман спорт психологиясининг долзарб масалалари, спортда индивидуал қобилиятни аниқлашда психологик диагностика, ғалаба қозониш учун мотивация пайдо бўлишида ижтимоий-психологик муаммоларнинг таъсирини ўрганиш, шунингдек, етакчи хорижий ва маҳаллий амалиётчи психологлар иштирокида спорт психологияси ва тиббиётининг бошқа кўплаб муҳим йўналишларига бағишланди. Анжуман доирасида минтақавий конференция ва маҳорат дарслари ҳам ўтказилди.

Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Aбдушукур Садиков «Ўзбекистонда спорт психологияси: кеча, бугун, эртага», Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси психологи, профессор Aбдуллажон Бегматов «Мураббий ва психологнинг яқин ҳамкорлиги – спортда жамоа бўлиш муваффақият гаровидир», «Мир Вашего Я» психологик маркази раҳбари, спорт психологи Сергей Торлецкий (Россия) «Спорт психологияси амалда», Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети кафедра мудири, доцент Зебунисо Ғозиева «Юқори малакали самбочиларнинг спортдаги мукаммаллигини таъминлашда реабилитация воситаларидан фойдаланиш самарадорлиги», Шотландия спорт институти бош психологи, GB Curling жамоаси психологи Майкл Боттинг (Буюк Британия) “Спорт психологиясида учинчи тўлқин. Спорт психологи ишида энг янги услубларни қўллаш», Mental Sport раҳбари, спорт психологи Феликс Шифрин (Россия) «Aқлий кўникмалар спортга татбиқ этиш воситаси сифатида» каби мавзуларда маърузалар қилишди.

Куннинг иккинчи ярмида спорт федерация ва ташкилотлари психологлари билан амалий суҳбат ўтказилди. Уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Конференция кўтарилган масалалар юзасидан қизғин муҳокамалар билан ўз якунига етди.