Мамлакатимизда сўнги йилларда расман рўйхатдан ўтган ва ривожланиб бораётган спорт турларидан бири аралаш жанг санъати, ёки, бошқача қилиб айтганда ММА юртимизда жадал ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон аралаш жанг санъати ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев Жиззах вилоятига ташриф буюрди. ММА юлдузи бу ерда аралаш жанг санъати бўйича яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Жиззахлик ёш иқтидор эгалари билан суҳбат асносида кечган учрашув чоғида спортчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарди. Айниқса, Мурод Хонтўраевнинг спортга кириб келиши, эришган натижалари йиғилганларни бефарқ қолдирмади.
Тадбир доирасида эндигина аралаш жанг санъатига кириб келаётган ёшлар учун маҳорат сабоғининг ташкил этилиши айни муддао бўлди.
Шунингдек, жиззахлик спортчи ёшлар янги йил байрами арафасида Мурод Хонтўраевдан ўзига хос совғаларни қабул қилиб олишди. Қувонарлиси, бундай совғалардан Жиззах шаҳридаги 29-меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳам бебаҳра қолишмади.
Бир сўз билан айтганда, спорт юлдузи Мурод Хонтўраев Жиззах вилоятига ташрифи ҳақида фикр билдирар экан, ёшлар учун яратилган шароитлар эртага албатта ўз самарасини беришига ишончи комил эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Биз ҳам яқин келажакда юртимизда, хусусан, Жиззах вилоятида Мурод Хонтўраевнинг янги-янги издошлари етишиб чиқишига ишонамиз.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги