Skip to main content
Yangiliklar

МОҚда масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди

By 04.12.2020No Comments

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида масъул ташкилот ва компаниялар вакиллари билан молиявий мажбуриятларнинг 2019-2020 йиллар учун бажарилиши ва 2021 йилги чора-тадбирлар режаси юзасидан учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишни олиб борган МОҚ раиси Р.Шоабдураҳмонов дастлаб иштирокчиларни кун тартибидаги масалалар билан таништирди.

Шундан сўнг, Президентимизнинг 2017 йил 9 мартдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида республикамиздаги спорт федерация ва ассоциацияларига бириктирилган масъул ташкилотларга пандемия шароити бўлишига қарамай, зиммасидаги мажбуриятларини тўлақонли бажаргани учун миннатдорчилик билдирди. Бу ҳамкорлик давом этишига келишиб олинди.

Кунчиқар мамлакат мезбонлик қиладиган тўрт йилликнинг нуфузли анжуманига ҳам қисқа фурсат қолмоқда. Йиғилишда масъул ташкилотлар вакиллари билан биргаликда Токио ўйинларида спортчиларимизнинг муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш масаласига эътибор қаратилди. Шунингдек, келгуси йилдан бошлаб терма жамоа аъзоларини Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Спорт турлари бўйича терма жамоалар таркибига иқтидорли ёшларни саралаб олиш, устувор ва истиқболли спорт турларига эътибор қаратиш, ўқув-машғулот йиғинлари ва лицензион мусобақаларда вакилларимизнинг муваффақиятли иштирокини таъминлашга алоҳида урғу берилди. Спорт федерация ва ассоциациялар раҳбарияти олдига Токио-2020 ва Париж-2024 ўйинларида кўпроқ медаллар жамғариш вазифаси қўйилаётгани, бунинг учун етарли шароит ва имконият борлиги таъкидланиб, қўлга киритиладиган ғалабаларда масъул ташкилотларнинг ҳам ҳиссаси бўлиши лозимлиги айтилди.

 

olympic.uz