Skip to main content
Yangiliklar

Мана буни марафон деса бўлади, сурхондарёлик ўқитувчилар 17 соатда 136 километрлик масофани босиб ўтишди ва мамлакат рекордини янгилашди

By 02.12.2020No Comments

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокимлиги, туман таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси кенгаши ҳамда туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими ҳамкорлигида ўзига хос, таъбир жоиз бўлса супермарафон ташкил этилди.

Гап шундаки, профессионаллар ўртасида ўтказиладиган марафон мусобақасида ҳам атлетлар 42 километр 195 метр масофани босиб ўтишади. Тўғри, бунинг учун улар 3 соатдан кўпроқ вақт сарфлашади. Сурхондарёликлар эса бу масофани уч ҳиссадан зиёдроққа кўпайтирган ҳолда югуриш ва спортча юриш орқали босиб ўтишди.

Кеча сурхондарёлик марафончилар «Денов-Термиз» йўналиши бўйлаб 136 километрлик масофани югуриш ва спортча юриш билан тўлиқ босиб ўтиш учун стартга чиқишган эди. Ушбу супермарафонда туман халқ таълими бўлими методисти Фахриддин Худойбердиев, шунингдек, бир гуруҳ жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, жумладан 4-сонли умумтаълим мактабидан Рустам Шерниёзов, 27-сонли умумтаълим мактабидан Шерзод Эргашев ҳамда Акмал Тошев, 52-сонли умумтаълим мактабидан Акмал Валиев, 66-сонли умумтаълим мактабидан Дилмурод Бўтаев, 68-сонли умумтаълим мактабидан Мусурмон Сатторов ҳамда 71-сонли умумтаълим мактабдан Эркин Тўраевлар қатнашди.

Кеча, яъни 1 декабрь куни соат 15:00да Денов педагогика ва тадбиркорлик институти биноси олдидан стартга чиққан марафон иштирокчилари туни билан дам олишмаган ҳолда бугун соат 10:00да Термизга етиб келишди. Йўл-йўлакай марафончилар қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳолини соғлом турмуш тарзига тарғиб этиб боришганини ҳам алоҳида эътироф этиш керак.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати