Skip to main content
Yangiliklar

Ирода Тўлаганова Жиззах вилоятида бўлди

By 07.12.2020No Comments

Ташриф чоғида Ирода Тўлаганова дастлаб Жиззах олимпия заҳиралари коллежи ҳамда Жиззах вилояти спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида бўлди. Ҳудудда теннис спорти бўйича мавжуд камчиликлар ва ютуқлар ўрганиб чиқилди. Шунингдек, Ирода Ботировна Жиззахда теннисни янада ривожлантириш борасидаги фикрларни ўртага ташлади. Қолаверса, Жиззах вилоятида янги теннис корти барпо этиш асосий мақсад этиб белгиланди.

Сафари давомида Ирода Тўлагановага Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шароф Қулатов, Жиззах олимпия захиралари коллежи директори Хуршид Aтакулов ва Теннис федерациясининг масъул котиби Aсил Усмонов ҳамроҳлик қилди.

Шундан сўнг, ўзбек теннисининг яқин ўтмишдаги энг ёрқин юлдузи 29-сонли Меҳрибонлик уйида бўлди. Болалар билан ташкил этилган учрашувда сўзга чиққанлар муассаса тарбияланувчилари улғайиб, келажакда ўз ўрнига эга етук спортчилар бўлиб етишишига ишонч билдиришди. Бу ерда тажрибали мутахассис тарбияланувчилар учун «маҳорат сабоқлари» ўтказди. Учрашув сўнгида Ирода Тўлаганова болажонлар учун спорт анжомларидан иборат совғалар жамланмасини топширди.

“Бугун Жиззахда 29-сонли Меҳрибонлик уйига ташриф буюрдик. Ота-онасиз улғаяётган болалар катта ва аҳил оила вакилидек истиқомат қилишаётгани эътиборимни тортди. Давлатимиз раҳбари ғамхўрлиги билан болалар энг яхши шароитда яшаётганликларини кўриб, мамнун бўлдим», дейди Ирода Тўлаганова.