Skip to main content
Yangiliklar

Халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашув

By 18.12.2020No Comments

Хабар бериб ўтганимиздек, Ўмон Султонлиги пойтахти Маскат шаҳри икки кун давомида қитъамиз спорти мутасаддиларини ўзида жамлади. Осиё Олимпия Кенгаши (ООК)нинг ўтказилган Ижроия қўмитаси йиғилиши ҳамда 39-Бош Ассамблеяси давомида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этганидан хабарингиз бор.

Таъкидлаш жоиз, делегациямиз аъзолари Ўмонга ташрифлари давомида бир қатор расмийлар билан кичик учрашувларни ўтказишга улгуришди. Унда ООК вице-президенти, Марказий Осиё ММА Конфедерацияси раҳбари Отабек Умаров, МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, МОҚ Бош котиби, “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари директори Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Сакен Полатов ҳамда Азизжон Камилов ва раис маслаҳатчилари Искандар Шодиев ва Шерзод Асатуллаевлар иштирок этди.

Жумладан, ООК президенти Шайх Аҳмад Ал Фаҳад Ал Сабаҳ билан бўлиб ўтган учрашувда “Тошкент-2025” IV ёшлар Осиё ўйинларига кўриладиган тайёргарлик, Ўзбекистон ва ООК ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари борасида атрофлича суҳбатлашилди.

Шунингдек, ушбу тадбирлар давомида Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) президенти Мариус Визер, Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA) президенти Умар Кремлёв, Бутунжаҳон каратэ федерацияси (WKF) президенти Антонио Эспинос, Халқаро гимнастика федерацияси (FIG) президенти Моринари Ватанабэ билан ҳам учрашувлар ташкил этилиб, бир қатор масалалар бўйича фикр алмашилди.

Ҳамюртимиз, ООК вице-президенти Отабек Умаров ва Ўмон Султонлиги валиаҳд шаҳзодаси, мамлакат спорт вазири Саййид Ди Язан бин Хайтам, Ўмон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Таха бин Сулаймон Ал Кишрилар ўртасидаги учрашувда Ўзбекистон ва Ўмон давлатлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, спорт соҳасида тажриба алмашиш борасида суҳбатлашилди.

МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер билан келаси йил Тошкентда Токио Олимпиадасига лицензион очко берувчи “Тошкент Катта дубулға турнири”, қолаверса, пойтахтимизда 2022 йилги жаҳон чемпионатини юқори савияда ўтказиш масалаларини муҳокама қилишди.

Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов Умар Кремлёв билан учрашувда россиялик мутахассисни AIBA раҳбарлигига сайлангани билан яна бир бор самимий қутлаб, Халқаро ташкилот ва мамлакатимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, ушбу спортни янада оммалаштириш, юртимизда жаҳоннинг етакчи терма жамоалари билан қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш бўйича фикр алмашишди.

Сафар давомида мутасаддиларимиз шунингдек, Осиё оғир атлетика, енгил атлетика, гимнастика ва каратэ федерациялари раҳбарияти билан истиқболли режалар бўйича самарали учрашувлар ўтказишди.