Skip to main content
Yangiliklar

Энг фаол жисмоний тарбия ва спорт тарғиботчилари «Зарафшон» концерт залида тақдирланади

By 04.12.2020No Comments

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 январдаги «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 6-сон Қарорининг 2020 йилдаги ижросини таъминлаш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан танлов ўтказилди.

Ушбу танловда ташкилотларнинг барча бўлинмалари миқёсида ташкил этилган соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ўтказганлиги учун ҳамда аҳолининг кенг қатлами орасида оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этганлиги учун номинацияларида ғолиблар аниқланди.

2019 йили корхона ва ташкилотлар ўртасида ўтказилган «Ташкилотларнинг барча бўлинмалари миқёсида ташкил этилган соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ўтказганлиги учун» номинациясида ғолиблик Тошкент вилоятининг “Maxam-Chirchiq” акционерлик жамиятига насиб этган бўлса, «Аҳолининг кенг қатламлари ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этганлиги учун» номинацияси бўйича Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ғолиб, деб топилганди.

2020 йили ўтказилган танловда корхона-ташкилотлар ўртасида «Ўзбекистон темир йўллари» акционерлик жамияти ўз ходимлари орасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ташкил этганлиги учун ғолибликка муносиб кўрилган бўлса, «Аҳолининг кенг қатламлари ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этганлиги учун» номинациясида бу сафар Тошкент шаҳар Миробод тумани ҳокимлиги энг кўп овоз билан ғолибликни қўлга киритди.

Танлов ғолиблари «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони ҳамда Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофотлари билан тақдирланади.

Ғолибларни тақдирлаш маросими 2020 йил 17 декабрь куни соат 16:00да «Зарафшон» концерт залида ташкил этилади. Барча турдаги оммавий ахборот воситалари ходимларини тантанали тақдирлаш маросимига таклиф этамиз.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати